Ўртада сарсон дарахтлар
Фото: Архив сурат
Навоий шаҳрининг Энергетик кўчасидаги кўпқаватли 12-уйнинг олд қисмида давлат захирасида бўлган 0.012 га бўш ер участкасини 2020 йил 6 ноябрь куни аукцион орқали 18 ёшли фуқаро Нодирбек Очилов сотиб олади.
Нодирбек қурилиш ишларини амалга ошириш учун ушбу ер майдонидаги 7 дона дарахтни кесишга рухсат сўраб, 2022 йили 17 январь куни Давлат хизматлари маркази орқали Навоий вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига мурожаат қилади. Ушбу мурожаатга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг 2022 йил 22 январь кунидаги жавоб хатига асосан дарахтларни кесишга рад жавоби берилади.
Шунга қарамасдан, Н.Очилов 25 январь куни 2 дона гужум дарахтини ўзбошимчалик билан кесиб, қурилиш ишларини бошлаш ниятида ер участкаларига махсус техникаларни келтиради. Мазкур ҳолат шу атрофдаги кўпқаватли уйларда истиқомат қилаётган аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб, айнан уларнинг норозилиги туфайли «дарахткушлик» тўхтатилади. Навоий шаҳар экология инспекцияси ва тегишли идоралар ўрганишлари натижасига кўра мазкур ҳолат бўйича Н.Очилов ҳамда Ж.Жўраевга нисбатан МЖтК нинг 79-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида 12.150.000 сўм жарима ҳамда 9.450.000 сўм миқдорда товон пули белгиланиб, ундириб олинади.
Шундан сўнг тадбиркор томонидан Давлат хизматлари маркази орқали 5 дона манзарали ёш дарахтларни кўчиришга рухсат сўраб, Навоий вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига 2022 йил 27 январь куни такроран мурожаат қилинади. Бу сафар мазкур бошқарма томонидан 2022 йил 01 февраль кунидаги жавоб хатига асосан 5 дона ёш дарахтларни кўчиришга рухсат этилади.
Бироқ фуқаро Н.Очилов томонидан 2022 йил 04 февраль куни юқоридаги 5 дона ёш дарахтдан ташқари яна 6 дона дарахт ноқонуний кўчирилганлиги ҳолати Навоий шаҳар экология бўлими инспекторлари томонидан аниқланиб, қонунбузарга нисбатан МЖтКнинг 79-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари миқдорида маъмурий жарима қўлланади. Бундан ташқари фуқаро Н.Очилов ва Ж.Очиловлардан ушбу дарахтларнинг тутиб кетиши, парваришланиши, ҳамда қўшимча равишда 50 дона манзарали дарахт кўчатларини экиш тўғрисида кафолат хати ёздириб олинади.
Мавзуга адолат қарор топди, дея шу ерда нуқта қўйсак ҳам бўларди. Бироқ анча илгари ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли ушбу ер участкасида болалар ўйин майдончаси қуриш учун рухсат сўрашганида рад жавобини олишган экан. Бу ерда яшовчиларга алам қилаётгани ҳам шу аслида.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг