Оролбўйидаги сайлов хорижий кузатувчилар иштирокида ўтмоқда
Ғ.Отажонов/«Халқ сўзи». Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари сайловларини ўтказиш учун 654 сайлов участкалари ташкил этилган. Бугун соат 8:00дан барча сайлов участкаларида овоз бериш бошланди.
– Сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида мамлакатимиз миллий сайлов тизимида илк бор жорий этилган «Е-saylov» тизими ўзининг қулайлигини тўла намоён этди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зийуатдин Камалов. – «Е-saylov» интерактив порталида сайловларнинг очиқлигини таъминлаш ва аҳолини сайловга оид маълумотлар билан таъминлаш бўйича бир қатор қулайлик яратилди.

Сайлов жараёнларида халқаро ва маҳаллий кузатувчиларнинг иштироки ва ўрни муҳим аҳамият касб этади. Негаки, айнан халқаро кузатувчиларнинг иштироки сайловларнинг очиқ ва ошкора, демократик тамойиллар асосида ўтганини белгилайди.
Қорақалпоғистонга бир неча узоқ муддатли халқаро кузатувчилар келиб, ҳудудларда сайловга тайёргарлик жараёнларини кузатган бўлса, бугун қисқа муддатли халқаро кузатувчилар ҳам сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёнларини кузатиб бормоқда.
Шу билан бирга халқаро кузатувчилар Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига келиб, бу ердаги жараёнларни ҳам кузатиб бормоқда. Ҳозиргина Япониядан келган халқаро кузатувчи, Славян-Евросиё тадқиқотлари маркази профессори, Япония Марказий Осиё тадқиқотлари жамияти президенти Уяма Томохико ташриф буюрди.

Маълумот учун: Қорақалпоғистонда сайлов жараёнларини ташкил этиш ва бевосита ўтказишда 10 мингдан ортиқ Сайлов комиссиялари аъзолари ҳамда 6 мингдан ортиқ ишончли вакиллар иштирок этмоқда. Бугунги сайловларда Қорақалпоғистон Республикасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 4 нафар депутат, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси 65 депутат, шаҳар ва туман Кенгашларига 375 нафар депутатлар сайланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг