Оролбўйида самарқандлик кардиожарроҳ ва нейрожарроҳлар томонидан мураккаб амалиётлар ўтказилди
Фото: «Халқ сўзи»
Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида илк бор юракда туғма нуқсони бор беморларда юқори технологик операция амалга оширилди. Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиалининг кардиожарроҳ шифокорлари бошчилигида ўтказилган операциялар муваффақиятли кечди.
— Ушбу жарроҳлик амалиётининг ўзимизда бажарилиши ҳақиқатан тарихий воқеа, — дейди Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси бош шифокори Давлат Ҳамидуллаев. — Олдин Қорақалпоғистонда юракни тўхтатиб, махсус аппаратураларда сунъий қон айланишини таъминлаган ҳолда очиқ операция қилинмаган. Операциялар жуда яхши ўтди, ҳозирча асоратлар ёки бирорта салбий ҳолат кузатилмади. Беморлар ўзларини яхши ҳис қилиб, юришни ва овқат ейишни бошладилар. Биз самарқандлик ҳамкасбларимиз билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда бу борадаги ишларни давом эттирмоқчимиз. Ҳозирда клиникамиздан бир гуруҳ шифокорлар Республика ихтисослашган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиалида малака ошириш учун жўнатилмоқда.
— Фарзандимнинг юрак хасталигини даволатиш учун анча ҳаракат қилдик, — дейди Света Шомуратова. — Тошкент шаҳрига ҳам бориб кўрикдан ўтказган эдик. Операция учун маблағ етишмаслиги ва масофанинг узоқлиги сабаб шу кунгача операция қилдира олмаган эдик. Мана, бугун малакали шифокорларнинг ўзлари Нукусга келиб, фарзандимни бепул операция қилишди. Бунинг учун, аввало, мана шундай чекка ҳудудларда мураккаб операцияларни бажариш тизимини йўлга қўйган муҳтарам Президентимизга, қолаверса, бемор болаларнинг хаста юракларига шифо берган самарқандлик шифокорлар ва шу ерда етарлича шароитлар яратиб бераётган барча тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдираман.
Самарқанд вилоятидан ташриф буюрган кардиожарроҳлар томонидан томонидан 4 нафар бемор юраги операция қилинди. Бундан ташқари самарқандлик нейрожарроҳлар томонидан бир бемор боланинг бош мия қисмидаги 4,5 сантиметрлик хавфли шиш олиб ташланди.
Маълумот учун: Оролбўйи аҳолисига малакали чуқурлаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарали рўёбга чиқарилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида даволанишга муҳтож ва эҳтиёжманд беморларнинг 235 нафарида жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. 15-21 март кунларида «Болалар табассуми» лойиҳаси доирасида 44 нафар болада пластик жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Ғайрат ОТАЖОНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг