Орол денгизининг қуриган туби экотизимини тиклаш лойиҳасининг амалга оширилиши муҳокама қилинди
Фото: Халқ сўзи
Жорий йилнинг 2 март куни Инновацион ривожланиш агентлиги директори О.Тўйчиев АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAIDнинг «Сув ресурслари ва атроф-муҳит» минтақавий лойиҳаси раҳбари Екатерина Стрикелева ва «Орол денгизининг қуриган туби экотизимини тиклаш» (ERAS-II) лойиҳаси менежери Палуанияз Пирниязовлар билан учрашди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги USAID томонидан молиялаштириладиган умумий қиймати 1,6 млн АҚШ доллар бўлган «Орол денгизининг қуриган туби экотизимини тиклаш» (ERAS-II) лойиҳаси 2022-2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, ушбу лойиҳанинг асосий координатори сифатида Инновацион ривожланиш агентлиги белгиланган.
Лойиҳанинг асосий мақсади, Ўзбекистонда янги ўрмон экинларини ўтқазиш орқали ҳудудда ҳаво сифати ва яшаш шароитини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш, ўрмонлаштириш бўйича бутун минтақага янги билим ва тажриба қўшадиган турли инновацион экиш технологиялари ва замонавий суғориш усулларини қўллаш ва намойиш этишдан иборат. Шунингдек, агробизнесни ривожлантириш бўйича хусусий сектор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, агентлик томонидан олимлар, илмий ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди. Лойиҳа минтақавий аҳамиятга эга эканлигини инобатга олган ҳолда ушбу ташаббусларга Ўзбекистон ва Қозоғистон илмий ҳамжамияти, инновацион корхоналарни жалб қилиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Лойиҳа доирасида, шунингдек, халқаро донор ташкилотлар ва олимлар иштирокида Оролбўйи ҳудудини экологик инновациялар орқали ривожлантиришга қаратилган семинар, давра суҳбатлари ҳамда стартаплар ва ёш ихтирочиларнинг кўргазмалари, янги инновацион ғоялар учун бизнес-инкубатор дастурини ташкил этиш режалаштирилган. Учрашув якунларига кўра жорий йилнинг июль ойида Тожикистон Республикасининг пойтахти Душанбе шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда Ўзбекистонлик мутахассислар ва олимлар иштирок этишга таклиф қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг