Орол чекинса-да, биз чекинмаймиз

17:25 22 Февраль 2024 Жамият
141 0

Ташаббус юртига муҳаббати юксак одамлар юрагида жўш уради. Шу боис ҳам Орол денгизининг қуриган майдонларида «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонларини барпо этиш бўйича бошланган эзгу ташаббус мамлакатимизда чин маънода умумхалқ ҳаракатига айланиб кетди. Ушбу экоҳаракат доирасида нафақат мўйноқликлар ёки қорақалпоғистонликлар балки, бутун мамлакатимиздан кўнгиллилар келиб, денгизнинг қуриган тубида «яшил қопламалар» барпо этиш ишларига ҳисса қўшмоқдалар. Бинобарин, бу саъй-ҳаракат элнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ва бир-бирига қадрдонлигининг ёрқин намунасидир.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, бу эзгу ҳаракат дастлаб Президентимизнинг 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи пайтида бошланган бўлиб, ҳимоя ўрмонларини барпо қилиш, зарарли туз ва чангларни Орол денгизининг тубидан кўтарилишининг олдини олиш ҳамда ҳудудда экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган бир қатор вазифалар белгилаб олинган эди.

Яқинда нуронийлар, ёшлар ва жамоат фаоллари иштирокида Орол денгизининг қуриган майдонларига саксовул ва бошқа чўл шароитига чидамли ўсимликларни экиш бўйича 2024 йилги мавсуми бошлаб берилди.

Шу муносабат билан Орол денгизининг қуриган тубининг ўзида ташкил қилинган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан бошланган ушбу хайрли ишга ҳисса қўшаётган барча меҳнаткашлар ҳамда кўнгиллиларга миннатдорлик билдириб, уларнинг машаққатли ва шарафли ишларида зафарлар тилади.

Тадбирда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Йўл хўжалиги ва Фавқулодда ҳолатлар бошқармаси ходимлари экиш ишларини ташкиллаштиришда кўрсатган фаоллиги ҳамда юртимиз ободлиги йўлидаги хизматлари учун кўкрак нишонлари, эсдалик совғалар, фахрий ёрлиқлар ҳамда ҳарбий унвонлар билан тақдирланди.

— Орол денгизининг қуриган тубида «яшил қопламалар» пайдо этиш бўйича экиш ишлари куз, қиш ва баҳор мавсумида ўтказилади, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Мақсуд Жуманиязов. — 2018 йил куз, қиш ва 2019 йил баҳор мавсумларида 461 минг гектар майдонда фитомелиорация ишлари олиб борилди. Бу хайрли ҳаракатни ҳар мавсумда изчил давом эттириш мақсадида саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар уруғларини жамғариш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

Тегишли қарор ва топшириқлар асосида 2024 йилда Оролбўйи ҳудудларида 300 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» барпо этиш назарда тутилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 200 минг гектар (шундан, 100 минг гектари қўшимча экиш), Навоий вилоятида 50 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар ва Хоразм вилоятида 10 минг гектар «яшил қопламалар» барпо этилади.

Жорий мавсумдаги ўрмон-мелиоратив тадбирлар, яъни «яшил қопламалар» барпо этиш учун ўрмон хўжаликларидан 500 нафар, шу билан бирга 30 дона юқори унумли тракторлар, 2 дона кичик авиация жалб қилиниб экиш ишлари бошлаб юборилди.

Ўрмонлаштириш тадбирларини амалга ошириш учун бугунги кунгача ўрмон хўжаликлари томонидан 192,63 тонна чўл ўсимликлари уруғлари, жумладан 71,96 тонна саксовул, 120,67 тонна қорабароқ чўл ўсимликлари терилди. Бугунги кунда 2,7 минг гектар майдонда чўл ўсимликларининг уруғини ҳамда кўчатини экиш ишлари давом этмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан бошланган Орол денгизининг қуриган тубида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ва унинг минтақанинг экологик ҳолатини яхшилашдаги аҳамиятини, Мўйноқда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича қилинаётган эзгу ва хайрли саъй-ҳаракатларни халқимиз ва кенг жамоатчилик мамнуният билан эътироф этмоқда. Ҳатто юқорида келтирилган саксовул экиш тадбирлари доирасида ҳудуддаги юзлаб аҳолининг бандилиги таъминланмоқда. Ҳозирги кунда мазкур ҳудудларга дастлабки экилган саксовуллардан уруғлар олиниб, белгиланган майдонларга экилмоқда. Мўйноқ аҳолиси томонидан йиғилаётган уруғларга белгиланган ҳақ тўланаётир.

2018-2023 йиллар давомида 1 миллион 755 минг гектар майдонга саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар экилиб, «яшил қопламалар» барпо этилди. Шу кунга қадар 17 минг километр квадрат майдон кўкаламзорлаштирилиб, чўл ўсимликларининг кўкариши бўйича яхши натижага эришилмоқда.

Эътиборлиси, бундан 5-6 йил илгари экилган саксовуллар бўйи 1,5-2 метрга етиб, Оролнинг қуриган тубидаги чанг, тузларни кўтарилишининг олдини олиш билан бирга чин маънода ҳимоя ўрмонзорларига айланмоқда. Бундан қувонмай бўладими? Зотан, юртимизнинг ҳавоси мусаффо, иқлими ҳаётбахш ва осмони тиниқ бўлишида кўкка бўй чўзаётган ана шу саксовулларнинг аҳамияти беқиёс. Демак, Орол чекинсада, биз ҳеч қачон чекинмаймиз.

Ғайрат ОТАЖОНОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер