«Ўрмонлар – барқарор келажак пойдевори»: Бекобод давлат ўрмон хўжалигида ОАВ ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди (+фоторепортаж)
Бугун, 18 март куни Тошкент вилояти Бекобод давлат ўрмон хўжалигида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида пресс-тур ташкил этилди.
«Ўрмонлар – барқарор келажак пойдевори» мавзусида ўтказилган мазкур тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.

Пресс-тур доирасида семинар ва амалий акция ҳам ўтказилиб, унда мутахассислар томонидан журналистларга республикамизда ўрмончилик соҳасини ривожлантириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда чўлланишга қарши курашиш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Шунингдек, мамлакатимизда ўрмончиликнинг ривожланиш истиқболлари, экологик хавфсизликни таъминлашда яшил ҳудудларнинг аҳамияти ҳамда «Табиатга эҳсон» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимотлар қилинди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Исломжон Қўчқоров атроф-муҳит, экология ҳамда табиатга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш халқимиз учун азалдан миллий қадрият даражасида қаралиб келингани, шу нуқтаи назардан, «Яшил макон» умуммиллий ҳаракати атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик маданиятни оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

«Пресс-турни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш, аҳоли ўртасида экологик масъулият туйғусини янада мустаҳкамлашдан иборат», — дейди Исломжон Қўчқоров.

Тадбир давомида иштирокчилар учун очиқ мулоқот ҳам ташкил этилиб, унда оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига соҳа мутахассислари томонидан жавоблар берилди. Шундан сўнг, пресс-турнинг амалий қисмига ўтилиб, унда ўрмон хўжалиги мутахассислари томонидан дарахт уруғларини экиш, кўчатларни парваришлаш жараёнлари дала майдонларида, амалий мисоллар орқали намойиш этилди. Маълумот учун, мазкур ўрмон хўжалигида 31 гектар кўчатхона мавжуд бўлиб, жорий йилда 5 миллион тупдан ортиқ дарахт кўчатларини етиштириш режалаштирилган.

Пресс-турнинг амалий қисми якунида «Эколог журналистлар боғи» ташкил этилиб, ушбу ҳудудда 100 туп дарахт кўчатлари экилди. Аҳамиятлиси шундаки, Тошкент вилояти Бекобод давлат ўрмон хўжалигида ташкил этилган мазкур тадбир экологик маданиятни ошириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббусларни кенг тарғиб этишдаги муҳим қадамлардан биридир.

Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг