Ўрганишлар самарасини одамлар ўз ҳаётида сезиши керак
Ҳар қандай муаммонинг чуқур илдиз отишига сабаб бўладиган омиллар борки, уларни ўз вақтида бартараф этиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашга, уларнинг фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилади. Бу, айниқса, инсон саломатлигини асраш, ёш авлод манфаатларини муҳофаза этиш, кўзимизнинг оқу қораси — дилбандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишлари масалаларига тааллуқли бўлса, янада долзарб аҳамиятга эга бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзоларининг Тошкент шаҳар Миробод тумани аҳолиси билан бевосита мулоқотларида, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар ижросини ўрганишда уларга ҳамроҳлик қилар эканмиз, айрим соҳаларда йўл қўйилаётган эътиборсизликлар, сусткашликлар диққатимизни тортди. Чунончи, туманнинг “Баёт” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1320 нафар аҳоли яшайди, шундан 200 дан зиёди кўзи ожиз инсонлардир. Ўрганишларда уларнинг аксарияти бир неча йиллардан буён чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтмагани маълум бўлди. Депутатлар мазкур масалани жойида ҳал этиб, маҳалла аҳолиси, чунончи, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтишларига кўмаклашди.
— Очиғи, бундан жуда хурсанд бўлдик, — дейди 57 ёшли Шоҳиста Маҳамаджонова. — Тўғри, соғлиғимизга бефарқ бўлмаслик, аввало, ўзимизга боғлиқ. Бироқ имкониятларимиз чеклангани боис оилавий поликлиникага бориш бизга сал узоқлик қиларди. Ташкил этилган кўрикда турмуш ўртоғим билан бирга УЗИ, ЭКГ аппаратларидан ўтдик, шифокорлар жуда хушмуомалалик билан ҳар бир саволимизга жавоб қайтаришди.
— Парламент аъзолари томонидан кўтарилган ушбу масала, ҳақиқатан ҳам, долзарб эди, — дейди туман Кенгаши депутати, “Orion Med City” хусусий клиникаси директори Шоира Жабборова. — Тумандаги 2-оилавий поликлиника билан ҳамкорликда амалга оширилган мазкур кўрикка клиникамизнинг малакали мутахассислари ҳам жалб этилди. Гувоҳи бўлаяпсизки, аҳоли бундан жуда хурсанд. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, Ҳиндистондан болалар кардиологи, травматолог, кардиохирург каби мутахассисларни чақириб, клиникамизда ҳар ойда икки марта республикамизнинг барча аҳолиси учун бепул кўриклар ташкил қилаяпмиз. Одамларнинг хабардорлигини ошириш мақсадида ижтимоий тармоқларда бу ҳақда батафсил маълумот бермоқдамиз. Албатта, бу фуқароларнинг малакали тиббий хизмат олишларини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Тумандаги 521-мактабгача таълим муассасасининг бир қарашдаёқ таъмирталаб эканини кўриш мумкин. Боғча атрофидаги чиқиндилар эса киши таъбини хира қилади. Депутатлар мазкур масканнинг “Қуёшча”, “Қалдирғоч”, “Камалак” каби гуруҳларига кириб, мавжуд ҳолат билан танишдилар. Айрим гуруҳларда болалар сони рўйхатдагидан кўплиги, тиббиёт хонасида зарур дори воситалари мавжуд эмаслиги, ошхонадаги ҳолат эса санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
— Бундан уч кун аввал ушбу муассасадаги фаолиятни чуқур ўргангандик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Саъдуллаев. — Рўйхатда бор-у, аммо ўзи ишламайдиган ходимлар, худди шундай рўйхатда йўқ болалар, қисқаси, муаммолар талайгина. Биласиз, ўрганилган масалалар доимо парламент назоратида бўлади. Шунчаки, номига ўрганишлар пайти ўтди. Мана, яқинда мактабгача таълим муассасалари ходимларининг ойлик маоши оширилди, энди улар ҳам ўз хизмат вазифаларига шунга яраша масъулият билан ёндашишлари керак.
Парламент аъзолари боғчада ҳанузгача видеокамералар ўрнатилмагани масаласига ҳам эътибор қаратишди.
— Ваҳолонки, давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг декабрида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳамма боғчага 10 январгача болага овқат пиширишдан тортиб, таомнинг унга етиб боришигача бўлган жараённи тўлиқ кўрсатадиган ракурсда видеокамералар ўрнатилиши зарурлигини таъкидлаган эди. Апрель ойи тугаяптики, бу ишлар орқага сурилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров. — Қолаверса, боғчаларда жамоатчилик назоратини қатъий йўлга қўйиш керак. Бунинг учун маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳар куни келиб, болаларнинг овқат рационидан хабардор бўлишлари мақсадга мувофиқ. Бу ҳеч кимга халақит бермайди, аксинча, мавжуд камчиликларни бартараф этишда асқатади.
— Иш бошлаганимга энди уч ой бўлди, — дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Муҳаббат Маҳмуджонова. — 1970 йилда қурилган мазкур боғча чиндан таъмирталаб. Айни пайтда 127 нафар бола муассасамизга қатнайди. Трубаларимиз эски, ошхонамизда печкалар яхши ишламайди, эшик, ромларимиз яхши очилиб, ёпилмайди. Аҳоли томонидан ҳам бу бўйича мурожаатлар қилинган.
Ўрганишлар давомида депутатлар туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-оилавий поликлиника филиали фаолиятини ҳам таҳлил этишди. Бу ерда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда сусткашликларга йўл қўйилаётгани, иссиқлик тизими икки йилдан буён ўчириб қўйилгани каби муаммоларга эътибор қаратилди.
— Айни пайтгача тумандаги секторлар фаолияти таҳлил қилинди, ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид боғча, мактаб, олий таълим муассасалари ҳамда корхона ва ташкилотлар ўрганилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Пирматов. — Буларни, албатта, халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқамиз. Сессия натижалари бўйича “йўл хариталари” тайёрланади ҳамда шу асосда белгиланган вазифалар идораларга тарқатилади, тегишли жойларга депутат сўрови юборилади.
Яна бир гап, туманнинг “Банокатий” маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари билан юзма-юз мулоқот ўтказилганда, ечимини кутаётган бир қатор муаммолар ўртага ташланди. Мисол учун, Сарикўл ва Янгизамон кўчалари чорраҳасида ҳамда тумандаги 154-мактаб олдида светофор ўрнатиш масаласига жиддий аҳамият қаратилди. Берилган маълумотларга кўра, ушбу ҳудудларда охирги уч йил ичида болалар ўлимига сабаб бўлган 4 та автоҳалокат содир бўлган. Мазкур масала юзасидан маҳалла фаоллари тегишли мутасаддиларга бир неча марта мурожаат қилишган. Аммо муаммо ўз ечимини топмаган. Ўрганишлар давомида туман ИИБ бошлиғи билан кўтарилган масалаларнинг қонуний ечимини топишга келишиб олинди.
Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг