Ўқув семинар иштирокчиларига сертификатлар топширилди

11:25 06 Декабрь 2024 Жамият
280 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Хоразм вилоятида шаҳар, туман ҳокимларининг ўринбосарлари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари ҳамда Миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар иштирокида ўтказилган тўрт кунлик ўқув-амалий семинар ўз якунига етди.

Семинар мамлакатимиз Президентининг жорий йилнинг 18-20 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишларидаги маърузаларидан келиб чиқадиган ҳамда 2025 йил юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилиниши муносабати билан олдинда турган вазифалар ижросига бағишланди. Машғулотлар Давлат бошқаруви академияси ва етакчи олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилди. Семинар дастуридан маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасига юклатилган вазифалар, жумладан, “маҳалла еттилиги” фаолиятини янги механизм асосида йўлга қўйиш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, масъул раҳбарлар фаолиятини самарали ва ўзаро ҳамкорликда ташкил этиш билан боғлиқ долзарб масалалар ўрин олди.

— Семинар давомида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш, маҳаллаларни ишсизлик, камбағаллик, жиноятчилик ва оилавий ажримлардан холи ҳудудга айлантириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича қизғин фикр алмашувлар бўлди, — дейди ўқув семинар қатнашчиси Шуҳрат Шарипов. — Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшлар муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ва энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳамда аҳоли муаммолари билан ишлаш каби мавзулардаги маърузалардан жуда қимматли маълумотларни олдик.

Ўқув семинар якунида иштирокчиларга тегишли сертификатлар топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер