Оққўрғондаги қардошлик рамзи
Фото: Халқ сўзи
Тошкент вилоятида, статистик маълумотларга кўра, аҳоли миллий таркибининг 70 фоизини ўзбеклар ташкил қилади. Шунингдек, тожик, рус, қозоқ, қирғиз, татар, украин, турк, озарбайжон ва туркманлар ҳам бир оила фарзандларидек тотув ва иноқликда яшамоқда. Ўзбекона лутф, қўни-қўшничилик, қуда-андачилик анъаналари барча қардошлар оиласига кириб борган.
Айниқса, Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ, Қуйи Чирчиқ, Чиноз, Оҳангарон, Бўка, Бекобод туманлари ва Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ шаҳарлари аҳолининг этник таркиби турфалиги билан ажралиб туради. Ҳар бир маҳалла ва гузарларда қардош халқларнинг ўз урф-одатлари, миллий анъаналари доимо эъзозу эътиборда. Уларнинг тили, маданияти, тарихини ўргатувчи таълим муассасалари, ўнлаб маданият марказлари фаолият юритмоқда. Оққўрғон туманидаги «Бирлик» маҳалла фуқаролар йиғинида ана шундай қардошлик рамзи бўлган, замонавий кўринишга эга Маданият ва ёшлар маркази биноси фойдаланишга топширилди.
— Мазкур марказ ўтган асрнинг 50 йилларида қурилган бўлиб, таъмирталаб ҳолатда эди, — дейди Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омонов. — Бино тубдан қайта қурилиб, кўркам бир ҳолатга келтирилди. Ҳудудимиз аҳолиси кўп миллатли оилалардан иборат. Барча қардош халқ вакиллари ўзаро аҳилликда ҳаёт кечирмоқда. Ўз миллий урф-одатлари, диний қадриятларини эмин-эркин адо этишади. Бир-бирлари билан қуда-андачилик қилишади. Тўй-маъракаларда доимо елкадош. Ушбу Маданият маркази турли миллат вакилларидан иборат 630 нафар ёшларни қамраб олади ва бунинг учун ўндан ошиқ йўналишларда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.
Ушбу масканга қатновчи ёшларимиз, энг аввало, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббус замиридаги ғояларни қунт билан ўрганишади. Санъат ва маданиятнинг нозик жиҳатларини ўзлаштиради. Шунингдек, бу ерда туркман, қозоқ ва корейс миллий маданият марказлари ҳам иш олиб боради.
Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг