Ўқитувчи ва 10 нафар шогирд асарлари бир кўргазмада жо бўлди(фото)
Сирдарё вилояти Маънавият ва маърифат марказида «Ватанимга меҳрим — қалбим рангларида» номли ижодий кўргазма очилди. Кўргазмада вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати тасвирий санъат фани ўқитувчиси Ғанишер Норматов ва унинг ўн нафар шогирди мўйқаламига мансуб ранг-тасвир асарлари намойиш қилинмоқда.



Ушбу тадбир «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» ҳамда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилаётир.




Асарларнинг ҳар бирида — Ватан мавзуси устувор. У қайсидир суратда пиру бадавлат бобо бўлиб кўринса, яна бирида дарё мавжлари сифатида акс этади.



— Она Ватанимиз тасвирлари учун мавзуларни бетакрор табиатимиздан, одамларнинг тафтли чеҳрасидан танлайман, — дейди ёш рассом Ўғилой Абдумажидова. — Масалан, биргина ўзбекона ҳовлининг ўзидан Ватанимизнинг ўнлаб фақат ўзимизгагина хос чизгиларини топиш мумкин.

Маълумот учун. Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг 2020 йилги битирувчиларининг 70 фоизи олий ўқув юртлари талабаси бўлди. Ўқитувчи-ижодкорларнинг 8 нафари Ўзбекистон Бадиий академияси аъзосидир.
Диёра МИСРАЛИЕВА
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг