Ўқитувчиларга қўпол муносабатда бўлаётган мактаб директори ўринбосарига чора кўрилди

10:05 15 Апрель 2022 Жамият
811 0

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Омбудсманга) Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги мактаб ўқитувчиси Б.Ш. ўзи фаолият юритадиган мактаб директори ўринбосарининг хатти-ҳаракатидан норози бўлиб мурожаат қилди.

Мурожаатчининг ёзишича, мактаб директорининг тарбиявий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ўқувчилар олдида ўқитувчиларга қўпол муносабатда бўлиб келади, ҳаттоки ўқитувчиларга қўл кўтарган ҳолатлар ҳам учраган. Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ташкилотга қилинган мурожаатлар бирор бир натижа бермагач, фуқаро Б.Ш. Омбудсманга мурожаат қилган.

Ушбу мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ўрганилиши натижасида директор ўринбосари Г.Ш.нинг мурожаатчи Б.Ш.га нисбатан қўпол муносабатда бўлиб келганлиги, одоб-ахлоқ қоидаларига тўлиқ амал қилмаганлиги аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича директор ўринбосари Г.Ш.га нисбатан туман Халқ таълими бўлими мудирининг буйруғи билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-бандига асосан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Қайд этиш лозимки, бу каби ҳолатлар мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатига тўғри келмайди. Мамлакатимизда мазкур соҳада ўқитувчиларнинг нуфузи ва мақомини ошириш, уларнинг профессионал фаолият билан шуғулланишларига янада кенг шароит яратиб беришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Ҳаттоки, ўқитувчининг мақоми алоҳида ҳужжат билан мустаҳкамлаб қўйилиши борасида ишланмоқда. Чунки баркамол, заковатли ва салоҳиятли ёш авлодни шакллантириш, аввало, ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер