Ўқитувчилар ва талабалар хорижий грант лойиҳаларида иштирок этишмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор Худойназар Юнусов талаба ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Айни кунда университетда 6000 нафарга яқин талаба ёшлар таҳсил олишмоқда. Ветеринария, чорвачилик ва биотехнологиялар соҳаси учун мутахассис-кадрлар тайёрлайдиган мазкур олий таълим муассасасида ёшлар учун замонавий шарт-шароитлар яратилган бўлиб, ўқув ва илмий лабораториялар, виварий, талабалар турар-жойлари мавжуд.

Жорий йилда университетнинг 5 нафар талабаси номдор давлат стипендиялари соҳиблари бўлишди. Университет 94 та хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади. Бир неча йўналишлар бўйича қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган, ўқитувчилар ва талабалар хорижий грант лойиҳаларида иштирок этмоқда.
Ректорининг талабалар билан учрашуви самимий мулоқот тарзида ўтди. Х. Юнусов талабалар ўқиш давомида дуч келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида ўз ҳаётий тажрибалари асосида гапириб берди. Ўқув жараёни, илмий фаолият, тураржой ва ҳоказо масалаларда талабаларга кўмакчи бўлиши лозим бўлган университет масъуллари билан таништирди. Қандай муаммога дуч келганда кимга мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилди.

Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган мавзуларда ректорга савол беришди. Жумладан, коррупцияга қарши кураш, ХEМИС таълим платформаси ва кредит-модуль тизими, талабаларнинг бўш вақтини ташкил этиш ва ҳоказо мавзуларда берилган саволларга ректор батафсил жавоб берди.
Мулоқот давомида бир гуруҳ фаол талабалар университет раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг