Ўқиб фермер бўлганга нима етсин...

12:01 01 Июнь 2021 Жамият
820 0

Вақтни ўзи ҳамма нарсани жой-жойига қўяр экан. Қаранг, шундай вақт келдики, турли соҳа вакиллари ўзини фермерликка урди. Билган ҳам, билмаган ҳам фермер бўламан, дейди. Ери ва қўлида «печать», «штамп», ҳоким қарори бор мардум ўзини фермер санаб юраверди. Ҳеч ким «сенда фермерлик лаёқати борми, фермерликдан қаерда дарс олгансан» деб сўрамади. Балки фермерликни ривожлантиришда муаммолар кўпайиб кетаётганига ана шу жиҳатлар сабаб бўлгандир, ўйлаб қоласан киши.

Яқинда «Агробанк» катта бир лойиҳага қўл урди. Мамлакатимизда илк бор қишлоқ хўжалигида замонавий билим ва малака берадиган «Фермерлар мактаби» очилди. Аминманки, бу мактаб шунчаки ўқув маркази бўлиб қолмасдан, фермерликнинг ипидан игнасигача ўргатадиган, иқтисодий билим ва малакаларни оширадиган ҳамда том маънода фермерлик илми салоҳиятини ҳосил қиладиган мактаб бўлади. Бу фикрларимни асослаб шуни айтмоқчиманки, фермерлар мактаби ўқув дастури қишлоқ хўжалигида илк замонавий дастур сифатида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент давлат аграр университети ва Андижон агротехнологиялар институтлари билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Қолаверса, Фермерлар мактаби бир пайтнинг ўзида республикамизнинг 5 та ҳудудида (Тошкент, Андижон, Самарқанд, Термиз ва Нукус шаҳарларида) тингловчиларга ягона стандартлашган таълим дастурини тақдим этади. Таълим олиш билан боғлиқ барча харажатлар "Агробанк" томонидан молиялаштирилади.

Бу ҳақда фикр юритганда шуни алоҳида айтмоқчиманки, ўқиб фермер бўлганга не етсин! Ахир фермерликнинг миридан сиригача ўрганиб, чорвачилик, паррандачилик, сабзавот ва полизчилик, иссиқхона хўжалиги ҳамда бизнес, молия ва ҳуқуқий саводхонлик дарсларида сабоқ олишнинг ҳам ўзига хос гашти бор. Ўқиш дастурлари ҳам назарий, ҳам амалий кўникмаларни ривожлантиришга қаратилганлиги, амалий дарслар тажриба участкалари ва йирик қишлоқ хўжалиги корхоналарида ўтилиши эса тингловчиларнинг фермерликнинг моҳиятини янада чуқурроқ англаб етишида муҳим аҳамият касб этади.

Барно МИРЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер