Оқдарёда туризм салоҳиятидан қандай фойдаланилмоқда?
М-37 автомагистраль йўлининг 47 километри Оқдарё тумани ҳудудидан ўтганлиги мазкур ҳудудга кўп имкониятлар эшигини очмоқда. Хусусан, Даҳбед массивида енгил конструкцияли 40 та нон маҳсулотлари савдо шохобчаси, 30 та озиқ-овқат дўконлари, 20 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, Пичоқчи маҳалласида қиймати 23 миллиард сўм бўлган агрологистик марказ ва 3 та хусусий клиника ташкил этиш кўзда тутилган. Бу билан 500 та янги иш ўрни яратилади.
— Туманда тўқимачилик ва трикотаж ҳамда фармацевтика саноатининг улуши ҳам ошиб бормоқда, — деди туман ҳокими Н.Сулаймонов. — Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш бўйича ҳам чет эллик инвесторлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, афғонистонлик тадбиркорлар билан бамия етиштириш ва экспорт қилиш имконияти кўриб чиқиляпти. Ҳозирча 15 гектар ерга синов тариқасида экилади. Етиштирилган маҳсулотни Россияга экспорт қилиш режалаштирилган.
Оқдарё туманининг Бошдархон маҳалласида жойлашган Ўрта Осиёда ягона бўлган «Юнусжон аҳли» сояни қайта ишлаш заводида бугунги кунда соядан тўрт турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.
— 2017 йилда Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида корхонамиз фаолияти билан танишган ва уни кенгайтириш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш бўйича топшириқ берган эди, — дейди корхона раҳбари Фурқат Обидов. — Шу асосда фаолиятимизни кенгайтириб, маҳсулот турларини кўпайтирдик. Ишлаб чиқаришни Хитой технологияси асосида йўлга қўйганмиз. Маҳаллий бозорда харидорларимиз асосан колбаса, сосиска, умуман, гўшт ва гўшт маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар, қолаверса, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга маҳсулотларимизни экспорт қиляпмиз. Ўтган йили пандемия сабаб экспорт ҳажми 1 миллион 600 минг АҚШ долларини ташкил этди.
Етмишдан ортиқ иш ўрни яратилган ушбу корхонада сояни қайта ишлаб соя ёғи, чорва ва парранда учун озуқа тайёрланяпти. Энг муҳими, маҳсулот таркиби турли кимёвий қўшилмалардан холи, 100 фоиз табиий.

Тумандаги «Умиджон элита» иссиқхонаси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда бугунги кунда йигирмага яқин хотин-қиз иш билан банд.
— 5 гектардан иборат иссиқхонанинг 3 гектарига лимон экканмиз, — дейди МЧЖ раҳбари Фахриддин Бобомуродов. — Лимон кўчатлари орасида картошка, пиёз, турли ошкўклар ва сабзининг Голландиядан келтирилган навини етиштиряпмиз. Йил давомида уч мартагача ҳосил оламиз. Ҳозирда маҳсулотларимизни маҳаллий бозорга сотяпмиз. Келажакда хорижга, хусусан, Исроилга экспорт қилиш бўйича шартнома тузяпмиз.
Оқдарё тумани иккита катта дарё — Оқдарё ва Қорадарё оралиғида, ҳар томонлама қулай ҳудудда жойлашган. Шу жиҳатда туман бугунги кунда туризм соҳасида ҳам ўз имкониятларини ишга солмоқда.
«Дархон балиқлари» МЧЖ қошида замонавий оромгоҳ ташкил этилган. 3,5 гектардан ортиқ ҳудуднинг 1,5 гектарида жойлашган оромгоҳ меҳмонхона, бир нечта ошхона, 2 та чўмилиш ҳавзаси ва турли дам олиш ҳамда кўнгилочар масканлардан иборат.
— Аввал биргина балиқчилик хўжалиги бўйича иш бошлагандик, — дейди хўжалик раҳбари Шуҳрат Розиқов. — Давлатимиз томонидан туризмга эътибор берилаётгани ҳамда ўз имкониятларимиздан келиб чиқиб, Халқ банкининг 5 миллиард сўм кредити ва ўз маблағимиздан маҳаллий ва хорижидан келувчи туристлар учун оромгоҳ ташкил этдик.
Ҳозирча ўн бешга яқин ходим ишлаётган оромгоҳ тўлиқ ишга тушса, 60-70 киши ишли бўлади.
Абдулазиз Йўлдошев
("Халқ сўзи")
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг