«Опен бюджет»: Овоз сотиб олиш қачонгача давом этади?
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». «Ташаббусли бюджет»нинг жорий йил иккинчи мавсуми қизғин тус олган кунларнинг бирида Намангандаги катта бозорда қизиқ ҳолатга дуч келдик. Икки йигит бир литрлик идишда истеъмол ёғи жойланган қутиларни ёнига олганича ўтган-кетганни қайсидир маҳаллани асфальт қилиш бўйича очиқ бюджет порталининг мобил иловасига овоз бериш учун чорлаяпти. Шу атрофдаги аёллар айни шу мақсадда бозорга келган чоғи йигитлар томонидан телефонларига юборилган хос рақамни шоша-пиша тасдиқлашга тушишди. Эвазига – бир литр ёғ!
Тўғри, кейинги пайтда бу манзарага кўзимиз ўрганиб қолди, яъни оддий ҳолга айланди. Бироқ бозорни айланиб юрган хорижлик икки сайёҳ буни кўриб ҳайратга тушди. Уларга бу савдонинг усулини тушунтириш гид йигитга осон бўлмади. Хорижликлар овоз тўплашнинг бундай антиқа усулидан таажжубланди.
Очиғи, ҳаётимизга «Ташаббусли бюджет»нинг кириб келгани демократик жараёнлардаги муҳим ўзгаришлардан бири бўлди. Боиси, бу билан жамиятни ваколатли иштирок этувчи бошқарув ҳаракатига кенг йўл очилганди. У лойиҳаларни очиқ-ошкора, тўғри ва самарали амалга ошириш орқали фуқаролар, шаҳар, туман ҳокимияти, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлари иштирокини таъминлаш кафолатини яратади. Ўтган вақт мобайнида маҳаллалар ички йўлларини асфальтланди. Кўчаларнинг ёритилиши таъминланди. Ичимлик сув тармоқлари қурилди. Таълим муассасалари таъмири, уларга қуёш панеллари ўрнатиш билан боғлиқ минглаб лойиҳалар айни омил ҳисобига бюджетдан ажратилган маблағлар билан ижросини топганидан жамоатчилик бохабар.
Танганинг иккинчи томони бўлганидек, айрим жойларда «Ташаббусли бюджет» га овоз тўплашда белгиланган тартиб-тамойилларни четлаб ўтиш, яъни қонунга хилоф равишда антиқа усулларни қўллаш ҳолатлари ҳам учраётгани ташвишли. Шаффофликни таъминлаш кўзда тутилган масалага моддий манфаатдорлик аралашди. Ўша кунлари бозорлар, одам гавжум бошқа жойларда истеъмол ёғи, бошқа товарлар, ҳатто, нақд пул таклиф этган гуруҳлар ҳаракатга тушиб қолди. Уларнинг аксарияти ўз хоҳиши билан эмас, лойиҳасини порталга жойлаштирган маҳалла оқсоқоллари, ташкилот раҳбарлари томонидан овоз «сотиб олиш»га чиқарилган эди. Кўпинча бундай тартиб иш бериб, уддабурон раҳбарлар етакчилигидаги жамоаларнинг ошиғи олчи келади, ўзига хос «пойга»да ғолиб чиқади. Айни шундай ҳолат 23 мингга яқин лойиҳа овозга қўйилган. Ўн кун шиддат билан давом этган иккинчи мавсум жараёнида ҳам кўп жойларда яна кузатилди. Битта овознинг нархи баклажкадаги ёғдан 75 минг сўм нақд пулгача…
Ўқитувчилар мактабда ўқув йили учун тайёрланиш ўрнига, бозорларда «Опен бюджет»га овоз йиғиб юрди.
«Namanganiklar uz» телеграм каналида 27 август куни жойлаштирилган хабардан ҳам буни билиш мумкин: «Ассалому алайкум. Поп туманининг Тўда қишлоғи 33-сонли мактабининг ўқитувчилари «Опен бюджет» бўйича овоз йиғишга мажбурланмоқда. Бу ҳам етмагандек мактаб раҳбарияти ўқитувчилардан 200 минг сўм миқдорида пул олиб келиш мажбуриятини қўйган. Шанба, ҳаттоки якшанба куни ҳам ўқитувчилар бозорма-бозор юриб овоз йиғишга мажбур». «@NamGroupBot» манзилига келиб тушган мурожаат расмий канал ижодкорлари томонидан қандай бўлса шундайлигича жойланиб, тегишли идоралар эътиборига ҳавола қилинганди. Лекин тайинли муносабат билдирилмади.
Шу кунлари ижтимоий тармоқларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан 39 та шикоятлар келиб тушгани ҳақида хабар эълон қилинди. Ваҳоланки, ташаббусли бюджетлаштириш жараёнида раҳбарлар томонидан мажбурий овоз йиғиш бўйича ходимларга топшириқ бериш умуман таъқиқланган. Бу тегишли ҳужжатда аниқ белгилаб қўйилган. Мажбурий меҳнатга жалб этиш сифатида таснифланадиган бу ҳолат тасдиқланадиган бўлса, айни лойиҳа жараёндан четлаштирилиши кўзда тутилган. Хўш, тартиб бузилган бирор маҳалла ёки ташкилотнинг ноқонуний ҳаракатига амалий муносабат кўрсатилдими? Йўқ, бу хусусда бирон жойда билдириш учрамагани таажжубли….
Шу ўринда савол туғилади: Овоз сотиб олишга сарфланаётган моддий неъматлар ёки нақд пул учун мутасаддилар маблағни қаердан олмоқда? Ҳудудидаги ички йўлларни таъмирлаш лойиҳасини овозга қўйган ва ғолиб чиққан маҳалла оқсоқолини табриклаш учун қўнғироқ қилдим.
— Осон бўлмади, ўн кун кечаю кундуз тиним билмадик, — дейди у.
Айтишига қараганда, олти мингга яқин овоз тўплашибди. Ваҳоланки, маҳаллада кўпи билан уч минг атрофидаги аҳоли истиқомат қилади. Хўш, икки бараварга яқин хайрихоҳ қаердан йиғилди? Кўриниб турибдики, бу ерда ҳам овоз сотиб олиш амалиёти яхшигина қўлланилган. Айрим гапларга қараганда, фуқаролар ўзлари овоз беришдан ташқари ҳовли бошига 200 минг сўмдан йиғишларига тўғри келган.
Бошқа бир маҳаллада кўпчилик жиғибийрон. Ишни битиришни мўлжаллаб ёғ, бошқа товарлар сотиб олиш, моддий рағбат учун 250 миллион сўм сарфлашларига қарамай етарли овоз тўплай олмаган. Кимдир рози, бошқа биров норози бўлиб йиғилган каттагина маблағ ҳавога учди.
— Агар шу пулни йўлсозларга берганимизда кўчамиз бемалол таъмирланарди, — дея афсусланади маҳалла аҳли.
Сентябрь ойининг илк кунларида «Ташаббусли бюджет» иккинчи мавсумининг натижалари эълон қилинди. Унга кўра, республика бўйича овоз бериш жараёнларида 90 миллион 81 минг киши иштирок этиб, 1772 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Демак, шунча маҳалла ва ташкилотда байрам. Бир қарашда, ҳаммаси рисоладагидек, жойларда одамлар ҳамжиҳатлик кўрсатгани натижаси сифатида кўзга ташланади. Бироқ, улар ҳаммасининг ютуғи ҳалол йўл билан қўлга киритилдими? Қанча-қанча лойиҳа эгалари айнан, уддабуронликни жойига қўя олмаганликларидан «пойга»да орқада қолиб кетишгани ҳам бор гап.
«Опен бюджет»даги бундай кўринишлар депутатлар сайловида кўп кузатилган овоз тўплаш билан боғлиқ айрим «тажриба»ларни ёдга солади. Номзодлар сайловчиларни ўзларига оғдириш учун қоп-қоп ваъдаларни беришади. Ҳатто қандайдир моддий манфаатдорлик кўринишларигача бориб етилади. Ноибликка эришилиши билан барчаси оғизда ва қоғозда қолиб кетади. Халқнинг ишончига путур етади. Назаримда, ўша ножоиз хатти-ҳаракатлар меваси «Ташаббусли бюджет»да ҳам тотиб кўрилаётгандек.
Сиз бунга нима дейсиз?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг