Онажон тилим, яйрадинг, яшнадинг...
О, Онажон тилим, бугун бир яйрадинг, бугун бир яшнадингки, қўшилиб мен ҳам қувондим. Бутун дунё БМТ анжуманида ўзбекларнинг сўзини илк бора ўзбек тилида эшитди, ҳис қилди, Навоий, Бобур, Хоразмий, Амир Темур тилининг жозибасига қулоқ тутди.
Доғистоннинг машҳур, менинг севимли шоирим Расул Ҳамзатов ўз тилини жаҳон минбаридан янграмаса-да шунчалар буюк ва суюклиги ҳақида ёзган эди... Энажон тилим, Сен жаҳон минбарида янградинг. Сени дунё эшитди. Асрлар силсиласидан ўтган, башариятнинг равнақи йўлида яхшиликнинг қўлидан тутган, тақдиридан эзгу муждалар кутган сендек самимий тилим борлигидан, Сени дунёга олиб чиққан Йўлбошчим борлигидан фахрланаман.
Президентимизнинг нутқларини эшитар эканман қалбим ҳам, вужудим ҳам қулоғимга айланди. Шавкат Мирзиёевнинг Ёшлар Ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлаш ҳақида айтган сўзларини эшитиб, шу Ватанда униб-ўсаётган бир ёш сифатида кўксим ғурурга тўлди.
Насиб қилса, 2021 йилда ЮНEСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» мавзусида ўтказиладиган халқаро форумда иштирок этишни, оладиган таассуротларимни китоб қилиб ёзишни мақсад қилиб қўйдим.
Бугун бўлажак филолог сифатида мен учун ўзбек тили байрами. Онажон тил, ҳар кунинг байрам бўлсин. Байрамга тадорик кўргувчилар соғ-омон бўлишсин.
Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ,
Гулистон давлат университети талабаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг