Она тилимиз ҳимояга муҳтож

13:24 06 Май 2025 Жамият
330 0

Жадид бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурғон оинаи ҳаёти тил ва адабиётидир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир. Ҳайҳот, биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярмига арабий, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз... Зиғир ёғи солуб, мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак, тилнинг руҳини бузадур».

Қарийб юз йил муқаддам айтилган бу сўзнинг тасдиғи сифатида яқинда ижтимоий тармоқларни «портлатган» блогер Ҳожиакбар Носировнинг чиқишларини томоша қилиш кифоя. Актёр ва шоир Эркин Бозоров хусусий боғчалар хусусида митти тадқиқот ўтказди. Тошкент шаҳридаги, демакки, пойтахтдаги марказий ҳудуд – Мирзо Улуғбек туманидаги деярли барча боғчаларга кириб чиқди. Маълум бўлдики, 99,5 фоиз хусусий боғчаларда таълим жараёни рус тилида олиб борилаётгани маълум бўлди. Атиги 0,5 фоиз боғчада ўзбек тилида. Афсуски, бу статистикани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари ҳам тасдиқлаган. Кечирасизлару, собиқ тузум даврида ҳам бу кўрсаткич 99,5 фоизга чиқмаган. Ўзбеклар ўз боласини русча боғчага берса, 0,5 фоиз бола ўзбекчада таълим олса... Бу нима деган гап?

Иш билганга бир танга, тил билганга минг танга, дея фикримизга эътироз билдиришга шошилманг! Эндигина дунёни таний бошлаган бола онгини ажнабий тасаввур билан ўстириш мантиққа мувофиқми? Агар ўша болалар катта бўлса, она тилини ҳам ҳурмат қилади, уйда ўрганиб ҳам олаверади, десангиз хато қиласиз. Ўз халқининг тилини, маданиятини, тарихини ҳурмат қилмаган одам бошқа халқларнинг тилини, маданиятини, тарихини ҳурмат қилиши даргумон.

Ардоқли адибимиз Ўткир Ҳошимов ҳам куюнчаклик билан бу борада ўз фикрини билдирганди: «Қанча кўп тилни билсангиз, шунча яхши. Бироқ одам она тилида тафаккур қилади, она тилида туш кўради, она тилида йиғлайди... Ўлими олдидан онасини она тилида йўқлайди...»

Тил фақатгина мулоқот воситаси эмас. Одам она тилида ўйлайди, она тилида соғинади. Ўзбек тилининг имкониятини етарлича баҳолай олмайдиган айрим тоифалар ҳам йўқ эмас. Улар ўзларининг бу калта фикрини турли далиллар билан исботлашга ҳам уринади. Абдулла Қодирий таъкидлагандек: «Ўзбек тили камбағал эмас. Ўзбек тилини камбағал деганларнинг ўзлари камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар!»

Яқинда Тошкентдаги Навоий метро бекати ёнида туриб, «Амир Темур»га такси тўхтатдик. Бирортаси олиб кетмади. «Скверга» дейилгачгина рози бўлишди. Бундан хулоса қилсак, ўзбек тилини ажнабийлардан эмас, ўзбекларнинг ўзидан ҳимоя қилиш керак бўлиб қолмаяптими?!

Моҳира ШОУСМОНОВА,

Нурафшон шаҳри ҳокимининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер