Она сирдош, ота дўст бўлсин...
«Халқ сўзи» танловига
Миллатнинг кўрки ва келажаги бу, шубҳасиз, бахтли аёлдир. Мурғак қизалоқнинг етук аёл бўлиб камол топишида эса ота-онанинг ўрни беқиёс, албатта. Маънавиятли, иболи-ҳаёли, иродали, саранжом-саришта бўлиш қизи учун энг керакли фазилатлар эканини англаган ота-онанинг ўзи бу борада ўрнак бўлишга интилади.
Қиз бола тарбияси ўта нозик масала. Бежиз қизларни гулга қиёс этишмайди. Гулга ҳам қанча меҳр берса, шунча яшнаганидек, қиз бола ҳам ота-онаси меҳридан униб ўсади ва тарбия топади.
Хўш, оилада қиз бола дунёга келгач, ота-она аввало нималрга эътибор бериши керак? Қандай кўникмалар талаб этилади?
Мавзу юзасидан мутахассисларга мурожаат қилдик.
Зарнигор АСАДОВА, парапсихолог:
— Қиз боланинг оилада мукаммал тарбия олишида ҳам она, ҳам ота бирдек масъул бўлади. Ота ва қизалоқ ўртасида соф муҳаббат бир умр сақланиб қолиниши керак. Аксарият хонадонларда фарзандларга қиз бола вояга етгач ва айниқса, турмуш қургач, ота ва қиз ўртасида кўринмас парда, масофа бўлиш керак, деб сингдириб борилади. Аслида бу тўғри эмас. Сабаби қиз болада доим қизалоқлик, маъшуқалик, бекалик ва оналик каби тўрт турдаги энергияга эҳтиёжи бўлади. Айниқса, қизалоқларга хос эркалик қилгиси келади. Отасининг меҳрига етарлича тўймаган қизлар бу меҳрни кўчадан излашга тушади.
Қолаверса, отаси билан ришталари яхши бўлган қизлар бошқа бир эркак билан орадаги муносабатни ақлан тўғри баҳо бериш хусусиятига эга бўлади. Шунингдек, ота меҳрига тўймаган қизлар келажакда турмуш ўртоғидан оталарга хос меҳрни талаб қилади. Ачинарлиси, бундай қизлар ўз фарзандларига ҳам етарлича меҳр беришни уддалай олмайдилар.
Она ва қиз ўртасидаги ришталар севгига қурилиши улар бир-бири билан яқин сирдош бўлишлари керак. Қизлар болалик даврларида арзимас бир ҳодисаларни онасига жуда муҳим сирдек ишониб айтади. Буни жиддий қабул қилмаган оналар қизларининг ёнида кулгили бир ҳодисани гапириб бераётгандек бегоналарга қизим менга бундай деди, деб ҳазилга олиб фарзанди ишониб айтган сирини фош қилишади.
Шу оддийгина ҳодиса қизларда онани яқин сирдош сифатида кўра олмасликка олиб келади. Шунинг учун оналар қизлари билан болалик чоғларидаёқ сирдошлик, дугоналик ришталарини мустаҳкамлаб олишлари зарур бўлади.
Дилором ҒИЁСОВА, Жиззах шаҳар 17-умумтаълим мактабининг амалиётчи психологи:
— Қиз боланинг тарбияси нафақат унинг оиласидаги муҳитга, балки унинг маҳалласи, ён-атрофидаги дугоналарига қараб шаклланади. Мактабимизда тарбияси оғирроқ қизлар билан суҳбатим чоғида шу нарса маълум бўладики, бу қизларнинг онаси турмушидан ажраб, ёлғиз фарзандини тарбиялаётган ёки фарзандини бирор яқинига ишониб, чет элга ишлашга кетган оилалар қизлари бўлиб чиқади. Уларга ота-она меҳри етишмаётгани шундоққина сезилиб туради.
Баъзи қизлар ота-онаси ажрашиб, онасининг ичиш, чекиш каби зарарли одатларига ружу қўйганидан нолиса, яна бошқаси ота-онасини соғинганда уларни бағрига ўзларини ота олмаслигидан шикоят қилади.
Шундай экан қиз боланинг тарбиясида, аввало, тўлиқ оиланинг ўрни беқиёс.
Каримов ОЛИМЖОН, Пешку туман «Бобо-Араб» жоме масжиди имом-хатиби:
— Қиз бола тарбияси ўта нозик масаладир. Халқимизда «Онасини кўр, қизини ол», деган гап бор. Бу гапнинг замирида катта маъно мужассам. Оилада қиз бола онасининг юриш-туриш муносабати, ҳунармандлигидан дарс олади, шу хислатни ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилади.
Ёшликдан қизларни озодаликка, ширинсуханликка, ўзидан катталарни доимо ҳурмат қилиб боришга ундаш ва ўргатиш лозим. Қиз бола номига бир доғ тушса, бу доғ ҳеч қачон кетмайди.
Пайғамбар алайҳиссалом: «Жаннат оналар оёғи остидадир» деб марҳамат қилдилар. Келгусида қизлар бўлажак она, ардоқли уй бекаси бўладилар. Биз қизларимизга ҳаётнинг паст-баландини, турмуш қийинчилигини енгиб ўтишларини уқтириб ўтишимиз шарт. Ҳар бир она турмушга чиқаётган қизига у келин бўлиб бораётган хонадон азиз ва қадрли эканлиги, қиз бола келин бўлиб тушган хонадонига тошдек бўлишини уқтириши лозимдир.
Оналар ўртасида қизлар тарбиясига оид гап кетса, кўпинча «Оқ қанддек авайлаб, гард юқтирмай ўстирдим», дейишади.
Оқ қанд... Дарҳақиқат, жуда нозик ўхшатиш. Нозиклиги шундаки, оқ қандга бирор гард юқса, уни тозалаш қийин. Гард теккан жойини кесиб ёки қирқиб олиб ташлаш керак. Кўпинча эса гард теккан қанд бўлаги мол охурига ёки парранда донлари орасига ташлаб юборилади.
Шунинг учун ҳам халқимиз қиз боланинг маънавий етук, комил инсон бўлиб ўсиши учун алоҳида аҳамият беради. Уни «оқ қанддек ўраб, авайлаб, гард теккизмасликка» ҳаракат қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, аслида қиз бола ўзини мустақил ҳис қилишига ёрдам бериш, унинг интилишлари ва истакларини тушунишга ҳаракат қилиш, имкон қадар бўш вақтини бирга ўтказиш, оилавий зиёфатлар, қариндош-уруғларни биргаликда зиёрат қилиш, у билан илиқ муносабатда бўлиш, ҳаётдан завқланиш ва севимли машғулотлари билан шуғулланишига имкон бериш, унинг фикрини ҳурмат қилиш, бир сўз билан айтганда, унга эркинлик бериш даркор бўлади.
Албатта, унинг ҳар бир қадамини кузатишингиз, ҳар қандай ҳодисага ўз нуқтаи назарингизни тушунтиришингиз керак. Агар қиз бола ота-онасининг қўллаб-қувватлашини ҳис қилса ташқи ва ички дунёсидаги ўзгаришларни хотиржам ва онгли равишда қабул қилишни ўрганди.
Нозик хилқат тарбияси қанчалар мушкул бўлмасин шу каби масалаларга жиддий аҳамият берилса, келажакда ҳар бир ота-она кўз ўнгига бахтли аёлни кўриши, шубҳасиздир.
Иқбол ПАРДАЕВА,
журналист.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг