Ўн етти йиллик хижолатпазликка ким барҳам беради?

14:33 01 Февраль 2024 Жамият
312 0

Тасаввур қилинга, қадимий обидалар қад ростлаган шаҳар бўйлаб сайр қилаяпсизу ногаҳон чиқиндилар уйилиб ётган ерга кўзингиз тушди. Беихтиёр “Аттанг” дейишингиз тайин. Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида, аниқроғи, Олимжон карвонсаройи ёнбошидаги ерда бир ҳафтача муқаддам шундай манзарани кўриш мумкин эди.

Суриштириб билдикки, бу ерда бир пайтлар сайёҳлар учун ҳожатхона бўлган. Кейин эса кимдир шу жойда меҳмонхона қуриш ҳаракатига тушган. Аммо ён-атрофда яшовчилар бунга норозилик билдиришган. Шундан буён бу мўъжазгина жой эгасиз гўшани эслатади.

Қадимий карвонсаройнинг шундоқ ёнбошида меҳмонхона қурилиши тартиб-қоидаларга зид , албатта. Негаки, тарихий ёдгорликларда муҳофаза зонаси бор. Улар яқинида қурилиш ишларини олиб бориш обидаларга хавф туғдиради.

— Бу жой ҳудудимизга қарашли, — дейди Ҳамид Олимжон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собира Жўраева. — Бизда барча маҳаллаларда бўлгани каби ахлатни олиб кетиш “қўнғироқ” тизимида йўлга қўйилган. Аммо ўша ҳудудда яшовчи айрим фуқаролар шу жойга турли чиқиндиларни ташлаб, ноқонуний ахлатхона юзага келтиришаяпти. Барчамизни хижолатга қўйишмоқда. Биз одамларни жалб этиб ҳашар йўли билан у ерни тозалаяпмиз. Бироқ орадан маълум бир вақт ўтиб ўша нохуш ҳол яна такрорланаяпти. 2007 йилдан буён шу муаммо бор.

Биз жамоатчилик назорати тариқасида вазиятдан хабардор этгач, маҳалла масъуллари бошчилигида бу ҳудуд чиқиндилардан тозаланди. Бир қарашда масала ҳал бўлгандек. Аммо ундай эмас. Орадан ўн – ўн беш кун ўтиб, шу жой яна ахлатхонага айланмайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди.

Олимжон карвонсаройида фаолият юритаётган халқ амалий санъати усталарининг фикрича, бу ҳудудда минипарк ёки кичкина зоопарк барпо этилса айни муддао бўларди. Агар ён-атрофда карвонсаройдан ташқари 1562 – 1566 йилларда қурилган Гавкушон мадрасаси ва минораси, тасвирий санъат музейи жойлашгани, туристлар кўп ташриф буюрадиган маскан экани инобатга олинса, бу таклифлар жўяли. Негаки, шундай қилинса, шаҳар меҳмонлари гулзорга айланган бу гўшада нафас ростлаб, ўрта аср ҳаётини эслатиб турган ноёб манзарадан баҳраманд бўлишлари, унутилмас таассуротлар олишлари мумкин. Зеро, биргина 2023 йилда Бухорога бир миллион нафардан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Уларнинг анча-мунчаси бу гўшани ҳам томоша қилгани келганига шак-шубҳа йўқ.

Булар ҳақда бежиз тўхталмаяпмиз. Айрим давлатларда тарихи нари борса 100 – 150 йил бўлган осори атиқаларни кўз қорачиғидек асраб-авайлашади. Улар билан ғурурланишади. Бизда эса айрим кимсалар 500 – 600 йиллик тарихга эга обидалар атрофига ахлат ташлашдан тап тортишмайди. Шундай пайтда уларга қарата “Сизда заррача бўлса ҳам андиша, уят борми ўзи?”, дегинг келади. Ахир, уй-жойлар, кўчалар, маҳалланинг тоза-озодалигига қараб ўша ерда яшовчи одамларга баҳо берилади.

Айтмоқчи, юқорида тилга олганимиз — 17 йиллик хижолатпазликка барҳам берилармикан?

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер