Омбудсман: Оғир шароитда яшовчи фуқарога уй ажратилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га нукуслик фуқаро Б.З. 5 йилдан буён авария ҳолатидаги уйда яшаши ва кунларнинг совиб кетиши оқибатида ўзи ва 10 яшар қизини соғлиғига жиддий зарар етаётгани бўйича амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.
Мазкур мурожаат ўрганиш учун Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Зухра Реймовага юборилди.
Минтақавий вакил мурожаатчининг уй манзилига маъсул сектор раҳбари, маҳалла бўлим бошлиғи ва фуқаролар йиғини раиси билан борганида ҳақиқатан ҳам фуқаро жуда оғир шароитда яшаётганига гувоҳ бўлди. Уйнинг том қисмидаги тахталарни ваҳмак (термит) ҳашароти еб битираётгани сабабли, тураржой авария ҳолатига келиб қолган.
Қолаверса, ёғингарчилик бўлса уй томидан чакки ўтади, иситиш тизими ишламагани сабабли уй доим совуқ ва зах ҳолатда бўлади.
Ўрганиш ишлари давомида фуқаро Б.З. ишсизлиги сабабли арзон тураржой учун ипотека кредитини расмийлаштира олмаётгани ва тўловларни вақтида тўлаши учун ҳам доимий ишга эга бўлиши кераклигини маълум қилди.
Омбудсман вакили Зухра Реймованинг аралашуви билан мурожаатчига шаҳар ҳокимлиги балансида турган Нукус шаҳар “Елиабад” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадон вақтинча ажратиб берилди.
Ҳозирги кунда фуқаро Б.З.нинг мутахассислиги бўйича доимий иш билан таъминланиш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг