Олтинкўлликлар — Кегейлида

08:52 12 Март 2022 Жамият
683 0

Фото: Халқ сўзи

Оролбўйидаги аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, замонавий ижтимоий инфратузилмаларни яратиш ишларида Андижон вилояти вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, айни кунларда Олтинкўл тумани ҳокими Иқболжон Матрўзиев бошчилигидаги фаоллар Кегейли туманининг «Маденият» овулида бўлиб, бу ердаги ҳаёт тарзи билан яқиндан танишяпти. Шу аснода овулдаги йўл, электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, аҳоли бандлиги билан боғлиқ муаммолар ечимлари ўрганиляпти.

— «Маденият»даги мавжуд 9 та кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи салкам минг нафар аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ишларини бошлаб юбордик, — дейди ҳоким Иқболжон Матрўзиев. — Бунинг учун 1,5 км масофадан иборат йўлни таъмирлаш, 0,5 км узунликдаги пиёдалар ва велосипед ҳаракати учун йўлакча барпо этишга киришдик. Бундан ташқари овулдаги 320 та хонадонни оқова сув билан таъминлаш мақсадида 2 та сув насоси ўрнатдик. 2,5 минг туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. 5 та иссиқхона қуриб бердик. Ҳали режаларимиз кўп. Барчасини бирин-кетин амалга ошириб, Кегейли республикамизнинг энг обод манзилларидан бирига айланиши учун ҳисса қўшиш ҳаракатидамиз.

Олтинкўлликлар мақсад-муддаоси «Маденият»даги 830 хонадонда истиқомат қилувчи 4 минг нафардан зиёд аҳолининг ижтимоий ҳаётини тубдан ўзгартиришга қаратилган. Шу боис овул аҳлига уй шароитида даромад топиш сирлари ҳам ўргатилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер