Олтиариқ узуми АҚШ савдо дўконларида сотилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Айни пайтда Олтиариқ туманида 3 минг гектардан зиёд токзорлар бўлиб, ҳар йили ўртача 65 минг тонна узум ҳосили олинмоқда.
Экспорт географияси ҳам тобора кенгайиб, у МДҲ, Осиё, Европа қитъаси давлатларигача қамраб олган. Йилнинг тўрт фаслида ҳам экспорт фаолиятини амалга ошириш мақсадида туманда 68 минг 800 тонна сиғимга эга 100 га яқин музлатгичли омборхоналар ташкил этилган.
Эътиборлиси, жорий йилда туманда 90 миллион доллардан зиёд миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиши режалаштирилган. Эзгу ташаббус доирасида бу йил тажриба тариқасида бир қатор давлатларга узум экспорт қилиниши йўлга қўйилди.
Хусусан, Олтиариқ боғларида етиштирилган узумлар АҚШ бозорига ҳам экспорт қилинаётир. Тумандаги “Sherakhun” хусусий корхонаси томонидан шу йил ноябрь ойи бошларида синов тариқасида АҚШга юборилган 1 тонна узум “NetCost” озиқ-овқат савдо марказлари тармоғининг Нью-Йоркда жойлашган дўконларига қадоқланиб тарқатилди ва қисқа муддатда сотилиб кетди. Бу жараёнда АҚШнинг Қишлоқ хўжалиги департаменти ва Озиқ-овқат маҳсулотларни санитар назорати бошқармаси (FDA) томонидан Олтиариқ узумларининг экспорт учун мева карантин талабларига мослиги ўрганиб чиқилди ва ижобий хулоса берилди.
— Шу асосда Америкадаги йирик супермаркетлар билан ҳамкорлик қилувчи “E.L.A. Superior Produce Inc.” компанияси билан “Sherakhun” хусусий корхонаси ўртасида доимий экспорт шартномаси имзоланди, — дейди Олтиариқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Алишер Хонкелдиев. — Шартномага кўра, дастлабки 250 тонна “Келин бармоқ” навли узум самолётларда етказиб берилади ва бу мунтазам тарзда давом этади. Америка компанияси келажакда тезкор етказиб беришни таъминлаш мақсадида Олтиариқ туманида FDA лицензиясидан ўтган АҚШ мева-сабзавот базасини яратиб, у ерни ўзида хорижий стандарт талаблари асосида карантин рухсатномаси расмийлаштирилиш ва қадоқлаш тизимини йўлга қўйиш учун инвестиция киритишни режалаштирмоқда.
Айтиш жоизки, тадбиркор Шавкатжон Алиқулов раҳбарлигидаги “Sherakhun” хусусий корхонаси Олтиариқ узумини Россия ва Беларусь давлатларига ҳам экспорт қилади. Мисол учун, Беларуснинг “Доброном”, “Соседи”, “Корона”, “Грин” каби 7 та йирик супермаркетлар тармоқларига доимий равишда узум етказиб берилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг