Олти ҳарбийнинг ибратли ташаббуслари

22:25 09 Январь 2021 Жамият
1228 0

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бунда ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда юртга муҳаббат, жисмоний баркамоллик ғояларини мустаҳкамлаш асосий ўрин тутяпти. Айни чоғда халқимиз жасорати тимсоли бўлмиш Қуролли кучларимиз ҳарбий шайлиги ва салоҳияти билан таништириш ҳам бирламчи вазифа қилиб белгиланган.

Хусусан, «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида «Ҳеч ким меҳрдан четда қолмайди» шиори остида амалга ошириб келинаётган эзгу ташаббуслар алоҳида эътиборга лойиқ. Бу борада Чирчиқдаги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли ҳарбий қисмлар шахсий таркиби алоҳида ўрнак кўрсатмоқда.

Шу ўринда ҳарбий зобитлар Шодмон Нуруллаев, Азизбек Мамажонов, Каримжон Намонов, Учқунбек Мажидов, Бобомурод Ўрозов, Бурхон Муҳаммадиевларнинг олижаноб ишлари алоҳида таҳсинга лойиқ эканлигини таъкидлаш жоиз. Зеро, улар шаҳардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, қаровчисиз қолган кексалар ҳолидан тез-тез хабар олиш, «Темир дафтар»га киритилганларга моддий ва маънавий кўмаклашиш каби вазифаларни ўзаро тақсимлаб, сидқидилдан бажариб келмоқда.

Бугун эса улар яна бир хайрли ишга қўл уришди. Чирчиқдаги 14-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан бир гуруҳини Тошкентдаги «Ғалаба боғи»га саёҳатга олиб келишди.

—Бугунги саёҳат бир умр ёдимда қолади, — дейди, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Кристина Гайнулина кўзларида ёш билан. — Дарсликларда ўқиганимиз — боболаримизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасоратларини бу ердаги экспонатлар мисолида ўз кўзимиз билан кўрдик. Шунда юртга бўлган муҳаббатимиз янада ортганини ҳис қилдик. Бугунги тинч-осуда ҳаётимизни ҳар томонлама қадрлашимиз лозимлигини янада чуқур англаб етдик.

— Бу ердаги ҳар бир манзара кишини ниҳоятда ҳаяжонга солади, — дейди, Меҳрибонлик уйининг 11-синф ўқувчиси Жавоҳир Эсонов. — Албатта аждодларимиз кўрсатган мислсиз мардликлар ҳар биримиз учун ибрат мактабидир. Меҳрибонлик уйида олган назарий билимларимиз бизда она-Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини шакллантирган. "Ғалаба боғи"даги ўтмишда боболаримизнинг босқинчи ёвларга қарши олиб борган мардонавор курашини акс эттирувчи кўргазмалар она-юртимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини бир умр онгимизга муҳрлади.

Вилоятда «Ватанпарварлик ойлиги» доираси ўтказилаётган тадбирларнинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни мана шундай беқиёс аҳамият касб этмоқда.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер