Оловли йиллар қаҳрамонлари хотирасига битилган мадҳия
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Дунёни ларзага солган Иккинчи жаҳон урушини эслаш оғир. Унинг чангали етиб бормаган оилани топиш ҳам мушкул. Инсоният эрки, озодлиги йўлида жон фидо этган инсонлар хотирасини ёд этиш эса авлодларнинг муқаддас бурчидир. Бухоро давлат мусиқали драма театрида Россия Федерацияси Олтой ўлкаси бадиий филармонияси томонидан Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб намойиш этилган бадиий-мусиқий дастур тарбиявий жиҳати билан ҳам аҳамиятли бўлди.
— Гарчи, уруш даҳшатлари Ўзбекистондан ҳам, Олтойдан ҳам минглаб километр олисда рўй берган бўлсада, унинг азоб-уқубатлари, фожиаси бу юртларни четлаб ўтмади, — дейди тадбир очилиш маросимида сўз олган Олтой ўлкаси маданият вазири Елена Безрукова. — Минглаб йигитлар фронтга отланишди. Беҳисоб қурбонлар бўлди. Халқларимиз меҳнат фронтида фидойилик кўрсатди. Ўзбек халқи уруш бораётган жойлардан эвакуация қилинган қариялар, аёллар, болаларни ўз бағрига олди. Концерт дастуримизда буюк ғалаба йўлида жон фидо этганларнинг қаҳрамонлиги ўз ифодасини топган. Санъаткорларимизни жуда илиқ қарши олишгани учун бухороликларга миннатдорлик билдирамиз. Икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар ривожланаётганидан мамнунмиз.
Олтой ўлкаси бадиий филармонияси қошидаги «Огонки» ансамбли ижросидаги миллий куй ва рақслар, Ингушия Республикасида хизмат кўрсатган артист Руслан Бухансев томонидан куйланган уруш йилларининг машҳур қўшиқлари, шунингдек, Бухоро вилояти «Бухороча», «Мавриги» ансамбллари чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди.
— Халқимизнинг бошқа миллат вакиллари қатори фашизмни енгишга, ғалаба онларини яқинлаштиришга қўшган ҳиссасини унутиб бўлмайди, — дейди томошабинлардан бири, меҳнат фахрийси М. Эргашева. — Бугунги концерт дастурига келсак, унга «Оловли йиллар қаҳрамонлари хотирасига битилган мадҳия» дея таъриф берган бўлур эдим. Зеро, халқларимизни умумий тарих бирлаштириб турибди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг