Олмосга ҳам ишлов керак

11:46 24 Ноябрь 2021 Жамият
782 0

Фото: Халқ сўзи

Олмос – Ер юзидаги камёб минераллардан ҳисобланиб, ишлов берилса, унинг баҳоси янада ошади. Бироқ ишлов берилмаса, айтарлик қийматга эга эмас.

Худди шундай, ҳар бир миллий иқтисодиёт ишлаб чиқаришида жамият интеллекти ёппасига иштирок этсагина, ўша мамлакатда тараққиёт барқарорлиги таъминланиши исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. Бунинг учун, албатта, жамиятнинг ўзи табиий ва меҳнат ресурслари каби тараққиёт омилларини кейинги ўринларга суриб, инсон интеллектига эътиборни устувор тутмоғи лозим.

Мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида сўнгги йиллардаги ислоҳотлар айни мақсадларни назарда тутиб, унинг илк бўғини – мактабгача таълим тизимидаги туб такомиллашув биринчи навбатда инсон капиталига эътибор қаратилаётганлигини далиллайди.

– Ўтган асрнинг тўқсонинчи ва ундан кейинги йилларни солиштирадиган бўлсак, болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш муттасил равишда камайиб борганлигини кузатамиз, - дейди Навоий вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ўткир Тиллаев. – Қолаверса, у даврдаги тизим бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермаслиги кундай равшан. Сабаби, олдинги боғча кўринишидаги мактабгача таълим муассасалари ижтимоий банд ота-оналарнинг фарзандларини асосан иш пайтида қаровсиз қолмаслигини таъминлашга қаратилган тизим эди. Бошқача айтганда, ушбу муассасалар фақатгина энагалик вазифасини бажариб, таълим ва тарбия масаласида ҳар қандай масъулиятдан йироқ эди. Бунинг асоратлари, мана, орадан қарийб чорак аср вақт ўтиб, яққол кўзга ташланиб қолди.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги Фармони соҳада мутлақо янги даврни бошлашга туртки берди. Шу асосда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим тизимида бошқарув механизми тубдан такомиллаштирилди, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш тизими ислоҳ қилинди, ўрта ва олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чоралари кўрилди. Ва ниҳоят, мазкур муассасаларда болаларнинг жисмоний ва ақлий-маънавий камолотига уйғунликда эътибор қаратиш тадбирлари белгиланди.

Ушбу янгиланишлар эпкини Навоий вилоятида ҳам тизим фаолиятига дахл этиб, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи йилдан- йилга ошиб бормоқда. Мисол учун, давлат ва нодавлат МТТлари сони 2017 йилда бор-йўғи 132 та бўлган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 1069 тани ташкил қилмоқда. Қамров эса 34,1%дан 83,1%га етказилди. Жорий йилда вилоят бўйича Инвестиция дастури асосида 7 та давлат МТТни янгидан қуриш ва реконструкция қилиш учун 26,8 млрд сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 2 та МТТ янгидан қурилиб, 210 та, 5 та МТТ реконструкция қилиниб, 540 ўринли қўшимча қувват яратилди.

Соҳага нодавлат МТТларининг ҳам жалб этилиши болаларнинг қамров даражасини ошириш билан бирга соғлом рақобат муҳитини ҳам шакллантирмоқда. Вилоят бўйича биргина жорий йилнинг ўзида 10 та давлат- хусусий шериклиги асосида МТТ фойдаланишга топширилиши 1360 нафар бола, 214 та оилавий МТТ ташкил этилиши эса чекка ва олис ҳудудлардаги 5350 нафар боғча ёшидаги бола қамраб олинишига имкон яратди. Мисол учун, Навбаҳор туманидаги «Жасур ўғлонлар» нодавлат МТТда бугун 6 гуруҳда 180 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда. Масканда машғулотлар «Илк қадам» давлат ўқув дастури асосида олиб борилади.

– «Илк қадам» давлат ўқув дастури бўйича болаларга беш йўналиш бўйича таълим-тарбия бериб, уларни мактабга тайёрлаймиз, - дейди «Жасур ўғлонлар» нодавлат МТТ директори Зарифа Бобохолова. – Шунингдек, муассасамизда болалар рус, инглиз тилларини, ментал арифметикани ўрганишади. Аэробика, шахмат-шашка тўгаракларимиз мавжуд. Дунёни англашга интилаётган, қизиқувчан болаларга мотивация бериш учун психологлар машғулоти ва суҳбатига алоҳида эътибор қаратганмиз.

Вилоятда болаларни мактабгача таълимга қамраб олишнинг яна бир кўриниши бу оилавий нодавлат МТТларидир. 2019 йилнинг 16 декабрида қабул қилинган «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида йўлга қўйилган бу фаолият билан вилоятда бугун 787та тадбиркорлик субъекти шуғулланади. Мазкур муассасалар тизимда болалар қамровини кенгайтиришга хизмат қилиш баробарида янги иш ўринларини яратаётгани яна бир аҳамиятли жиҳатдир.

Болани мактабгача таълим тизимига қамрашдан асосий мақсад унинг индивидуал камолотига эришишдан иборат экан, бунда сифат ва самарадорликнинг асосий омили методик таъминотдир. Бу борада Республика МТВ томонидан муассасаларнинг моддий-техника базасини замон талабларига мослаштириш, тизимда вариатив дастурлар, болаларни мактабга тайёрлаш бўйича муқобил услубларнинг ишлаб чиқилиши, ривожланган мамлакатлар тажрибаларининг татбиқ этилиши, фаолият юритаётган педагог кадрларнинг олий маълумотлилик даражасини ошириш, таълим сифати бўйича мониторинг юритиш муҳим ўрин тутади.

– Айнан ҳаётининг илк даврида боланинг жисмоний ва руҳий кўникмалари жадал суръат билан ривожланади, - дейди Навоий вилоят мактабгача таълим бошқармаси бўлими мудири Латофат Ражабова. – Гўдаклигидан бошлаб болада онг, тил, атрофни англаш, муносабатга кириш, муаммоларни ҳал қила олиш қобилиятлари шаклланади. Ушбу даврнинг бир кунини ўтказиб юбориш катталарнинг ўн куни билан баробар, десам муболаға эмас. Чунки болалар ўртасидаги ўзлаштириш муҳити улар қобилиятининг шаклланиш даражаси ва суръатига бевосита таъсир кўрсатади.

Бола қобилиятини ривожлантиришнинг яна бир муҳим омили уларнинг тўғри ва соғлом овқатлантиришдир. Шу мақсадда вилоятда МТТларини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари таъминлаш бўйича аутсорсинг тизимига босқичма-босқич ўтказилмоқда. Шу кунга қадар вилоятдаги 12 та МТТ мазкур тизим асосида аутсорсинг корхоналари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб уларнинг сонини 60 тага етказиш режалаштирилган.

Кўп бор таъкидланганидек, бугун бола тарбиясида асосий бўғин мактабгача таълим тизими экан, унда соҳа мутахассислари салоҳияти, тажрибаси ва замон билан ҳамнафаслиги айни заруратдир. Шу мақсадда тизимнинг юқори малакали тарбиячиларини аниқлаш, рағбатлантириш, уларнинг педагогик маҳорати ва ижодий қобилиятини ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, педагогик фаолиятнинг нуфузини янада ошириш, касбий фаолиятда соғлом рақобат ва ижодкорлик муҳитини яратиш йўлида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг яхши тарбиячиси» танлови ўзаро тажриба алмашиш имконини бермоқда.

Дарҳақиқат, бугун мактабгача таълим тизимида рўй бераётган ўзгаришлар, аниқроқ айтганда, олдинга силжиш замирида ҳар бир фарзанд тимсолида ноёб иқтидорнинг камол топишига кўмаклашиш ва унга заргарона ишлов бериш каби эзгу мақсадлар мужассам эканини англаш қийин эмас.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер