Олмон қизи Юла бухоролик тенгдошлари билан Германияда кўришиш ниятида

18:19 12 Октябр 2023 Жамият
612 0

Фото: “Халқ сўзи”

Германиянинг Аахен шаҳри юқори малакали муҳандислар тайёрлашга ихтисослаштирилган Техника университети ҳамда гимназиялари, музейлари билан танилган. Мазкур кентнинг тўрт нафар педагог ва 15 нафар ўқувчисидан иборат делегация бир неча кун давомида Бухоро шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида бўлиб, миллий таълим тизимимиз билан яқиндан танишдилар. Бу педагог ва ўқувчилар алмашиш лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

— Ўзбекистонга иккинчи марта келишим, — дейди лойиҳа координатори Ута Штайнел. — Ҳар гал халқингизнинг меҳмондўстлиги, самимияти, дўстона муносабати мени ҳайратга солади. Таълим тизимига келсак, улар ўртасида маълум бир тафовутлар бор. Бизда, дейлик, француз тилида таҳсил олган ўқувчи албатта, Францияда бўлиб, билимини янада мустаҳкамлайди. Биз мамлакатингиз ўқув муассасалари билан ҳамкорлик қамровини кенгайтириш ниятидамиз. Шу мақсадда Бухоро давлат университетида ҳам бўлиб, ҳамкорлик алоқалари юзасидан фикрлашиб олдик. Янги лойиҳаларни амалга ошириш умидидамиз.

Эътиборлиси, германиялик ўқувчилар Бухородаги 15 та хонадонда истиқомат қилиб, кўплаб дўстлар орттирдилар.

— Гимназиянинг 9-синфида ўқийман, — дейди ўзини Юла Паул дея таништирган аахенлик ўқувчи. — Биз тенгдошларимиз оилаларида яшаб, ўзбекона турмуш тарзи билан яқиндан танишдик, миллий пишириқлар тайёрлашни ўргандик. Бухоронинг қадимий ёдгорликларини томоша қилдик. Тенгдошим Шаҳризода Абдураҳмонова билан дўстлашдик. У билан энди Германияда учрашиш ниятидаман.

Юланинг буни алоҳида таъкидлаши бежиз эмас. Мактаб 2000 йилдан буён Германия таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бухоролик ўқувчилар ва уларнинг устозлари кўп бор олмон юртида бўлиб, у ердаги таълим тизими билан яқиндан танишишган, билимларини мустаҳкамлашган.

Мактаб директорининг хорижий тилларни ўргатиш бўйича ўринбосари Олия Ҳотамованинг таъкидлашича, айни дамда билим даргоҳида ўн нафар немис тили ўқитувчиси фаолият кўрсатмоқда. Мактабнинг 800 нафардан кўпроқ ўқувчиси немис тилини чуқур ўрганмоқда. Бу ерда 7-синфдан бошлаб ўғил-қизлар инглиз тилидан ҳам сабоқ олишяпти.

— Давлатимиз раҳбарининг яқинда Германияда бўлиши, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга оид қатор келишувларга эришилгани биз, таълим соҳаси вакилларини ҳам беҳад хурсанд қилди, — дейди мактаб директори Замира Ражабова. — Биз узоқ йиллардан буён Германия ўқув муассасалари билан таълим соҳасида ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Бу муассасамизда немис тилини ўргатиш самарадорлигини оширишга хизмат қиляпти. Чунончи, ўқувчиларимиз ушбу хорижий тильда эмин-эркин гаплашиш кўникмаларига эга бўлишмоқда. Таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз самараси сифатида мактабимизга улуғ немис драматурги, файласуфи Фридрих Шиллер номи берилган.

Юқорида немис ўқувчиси Юла ўз дўсти Шаҳризода билан энди Германияда учрашиш ниятида эканлиги ҳақида ёздик. Унинг нияти, албатта, амалга ошади. Ўзаро келишувга мувофиқ, келгуси йилнинг баҳорида 4-ИДУМ ўқувчиларининг бир гуруҳи устозлари раҳбарлигида Германияда бўладилар.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер