«Олмаота — Самарқанд — Олмаота» йўналишида мунтазам авиақатнов йўлга қўйилди
Бугун, 9 июнь куни Самарқанд халқаро аэропортида “Air Astana” авиакомпаниясининг «Олмаота - Самарқанд - Олмаота» йўналишидаги биринчи авиақатнови йўловчиларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридан КС121 рақами остидаги рейс билан учган Аэробус 321 русумли самолёт Тошкент вақти билан 16:15да Самарқанд халқаро аэропортига келиб қўнди. Анъанага мувофиқ, ҳаво кемаси ўт ўчирувчи машиналари ёрдамида ҳосил қилинган сунъий сув аркаси тагидан ўтиб, тўхташ жойига келди.
Тадбирда Қозоғистоннинг Самарқанддаги бош консулхонаси ва “Air Astana” авиакомпанияси вакиллари, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, вилоят туризм ва спорт бошқармаси масъуллари, журналистлар иштирок этишди.
Унда Қозоғистоннинг Самарқанддаги консули Арсен Абдрахманов ва вилоят ҳокими ўринбосари, туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи Ботир Нуруллаев иштирокида рамзий йўл лентасини кесиш маросими бўлиб ўтди. Сўзга чиққанлар, янги авиайўналиш икки давлат ва қардош халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаб, туризм соҳасини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.
Шундан сўнг, тадбир ташкилотчилари томонидан ҳаво кемаси экипажига эсдалик совғалар топширилди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 8 июнь куни “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан «Самарқанд - Олмаота - Самарқанд» йўналишида йўлга қўйилган авиақатновнинг биринчиси амалга оширилган эди. Миллий авиакомпания томонидан Қозоғистонга ҳафтанинг ҳар сешанба ва шанба кунлари парвоз амалга оширилмоқда. “Air Astana” авиакомпанияси эса ҳафтанинг ҳар чоршанба ва якшанба кунлари ўз рейсларини амалга оширишни режалаштирган.
Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг