Олмалиқда беш тонналик ош тайёрланади

16:18 22 Октябр 2019 Жамият
1196 0

Архив фото

Жорий йилнинг 24 октябрида Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати ташкил этилганлигининг 70 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан ҳудудда бир нечта тадбирлар ўтказилади, дея хабар бермоқда корхона Ахборот хизмати.

Даставвал байрам концерти бўлиб ўтади. Тадбир давомида Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати фахрийларини давлатимиз томонидан кўкрак нишонлари билан тақдирлаш маросими ўтказилади.

Шунингдек, махсус қозонда беш тонна ош дамланади. Миллий таомимиз 35 минг нафар ходим ҳамда Олмалиқдаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига улашилади.

Қолаверса, 25-26 октябрь кунлари комбинат спорт мажмуасида корхонада ишлаб чиқарилиб, хорижга экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг тармоқ ярмаркаси ташкил этилади. Ушбу кўргазма маҳаллий ва чет эллик бизнес-ҳамкорлар ҳамда мамлакатимизнинг илмий марказлари билан кооперацион алоқаларни кенгайтиришга қаратилган.

Шунинг билан бирга ҳужжатли фильм ва махсус китоб тайёрланган бўлиб, уларда корхона тарихи ва бугунги кундаги фаолияти тўғрисида қизиқарли маълумотлар берилган.

Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати республикамизнинг энг йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб, ишлаб чиқариш қувватлари Тошкент, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида жойлашган мис-молибденли, қўрғошин-руҳли ва олтин-кумушли гуруҳлар захирасига асосланган. Комбинатда ишлаб чиқарилган олтин ва кумуш Лондоннинг “Энг яхши таъминотчи” қимматбаҳо металлар бозор ассоциациясининг сифат белгисига эга.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер