Олижаноб орзу-умидлар рўёби
Давлатимиз раҳбарининг “2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорини халқимиз, жумладан, биз, нуронийлар ҳам катта хурсандчилик билан қарши олдик. Хусусан, байрамнинг умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилиши барчамизни беҳад қувонтирди.

Бу асрий анъаналаримиз ҳамда удумларимизга тўла мос келади. Негаки, олис ўтмишга назар ташлаганимизда ҳам халқимиз Наврўзни ҳамжиҳатликда нишонлагани, жойларда сайиллар ўтказилганини кўрамиз. Бу одамлар ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга хизмат қилган. Айниқса, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олишдек эзгу амаллар, оммавий ҳашарларни амалга оширишда ушбу байрамнинг ўрни ҳамда аҳамияти катта.
Қарорда таъкидланганидек, киши ўзини табиатнинг ажралмас бир қисми деб ҳис этмоғи, она-заминни асраши, тинч ва фаровон ҳаётни қадрламоғи лозим. Ёшларни ҳам шунга даъват этиш мақсадга мувофиқ. Бунда биз, нуронийларнинг зиммасига катта масъулият тушади. Ана шуни ҳис қилган ҳолда, байрамга тайёргарлик ҳамда тарғибот ишлари қизғин кетаяпти. Хусусан, яқинда жамғармамиз қошидаги Хотира музейида мактаб ўқувчилари ўртасида иншолар танловини ўтказдик. Ўғил-қизларнинг баҳор, тинчлик, инсон хотираси мавзуида ёзган иншоларини ўқиб, очиғи, роҳатландик. Эл-юртга муносиб фарзандлар вояга етаётганидан ғурурландик.
Наврўз — яратиш, яшнатиш айёми. Бинобарин, давлатимиз раҳбари жорий йил 16 февраль куни вилоятимизга ташрифи мобайнида қатор ғоя ва лойиҳаларни амалга ошириш кераклигини таъкидлаганида, жуда хурсанд бўлдик.
Оламга машҳур Етти пир — Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ ўиждувоний, Ориф Ревгарий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Маҳмуд Фағнавий, Саййид Амир Кулол зиёратгоҳи нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун табаррук масканлар ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан бу мажмуалар қайта таъмирланиб, қўшимча бино ҳамда иншоотлар қурилади. Атрофи ободонлаштирилиб, меҳмонхона, чойхона, савдо мажмуалари, автотураргоҳлар барпо этилади.
Бундан ташқари, воҳада туризмни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва саноатни юксалтириш, Бухоронинг эски шаҳар қисмида замонавий ҳамда тарихий жозибадорликни сақлаган ҳолда, тураржой ва иншоотлар бунёд қилишга оид кўрсатмалар жонажон юртимиз ободлигини таъминлайди.
Шундай экан, Наврўз айёми бу йил халқимизнинг олижаноб орзу-умидлари рўёби сифатида юртимиз тарихидан муносиб ўрин олади, деб ўйлаймиз.
Юсуф ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш
«Нуроний» жамғармаси Бухоро вилояти бўлими фаоли,
«Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг