Олима қиз маҳалласида кутубхона очди

15:58 16 Август 2023 Жамият
907 0

Фото: “Халқ сўзи”

Шаҳноза болалигини жуда яхши эслайди: китобга меҳр қўйганди. Маҳалладан чамаси 100 километрча олисда жойлашган Бухоро шаҳрига йўл олган отасининг қўлига узундан-узоқ рўйхат тутқазар, падари бузруквори у истаган бадиий китобларни келтирганида дунёда ундан бахтли киши йўқ эди.

Ўзи мутолаа қилишни хоҳлаган китоб топилмаганида эса “Нега, маҳалламизда кутубхона йўқ”, деган фикр ўйга толдирарди.

Йиллар елдек ўтди. Олот туманидаги “Мухтор” маҳалласида яшовчи Шаҳноза Наврўзова Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг филология факультетида таҳсил олди. Магистратурани ҳам тугатди. Кейин эса Туркияда докторантурада ўқигани йўл олди. Ҳозир хорижда илмий изланиш олиб бормоқда. Аммо қаерда бўлмасин, унинг кўнглини ўзи туғилиб ўсган маҳаллада кутубхона очиш истаги тарк этмади. Туман ҳокимлиги, тегишли ташкилотларга мурожаат қилди, ижтимоий тармоқлар орқали ўзига хайрихоҳлар топди. Савобталаб инсонлар кўмаги билан ниҳоят, жорий йилда маҳаллада кутубхона очишга муваффақ бўлди.

Ушбу кутубхона мингдан зиёд китоб фондига эга. Ундан ўзбек ҳамда жаҳон адабиётининг дурдона асарлари ўрин олган. Муҳими, бу шинам гўша қисқа муддат ичида маҳалладаги кексаю ёшнинг севимли масканига айланди.

— Ҳудудимизда икки ярим минг нафардан зиёд аҳоли яшайди, — дейди меҳнат фахрийси Қурбонгул Авезова. — Маҳалламиз вилоятнинг энг чекка манзилларидан саналади. Шу пайтга қадар кутубхона йўқ эди. Шаҳноза қизимизнинг ташаббуси билан очилган бу маскан нафақат ёшлар, балки биз кексаларнинг ҳам бўш вақтимизни мазмунли ўтказишга имконият яратди. Мен ҳам шу кутубхона аъзосиман. Бу ерга кирган кишининг кетгиси келмайди.

Таниқли шотланд ёзувчиси С. Смайлс “Китоблар кексаликда энг яхши дўст, айни пайтда ёшликнинг энг азиз раҳнамосидир”, деган эди. Француз ёзувчиси, педагоги Эдуар Лабуле эса “Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади”, дея лутф этган. Бинобарин, китобсевар қиз, бўлғуси олима Шаҳноза Наврўзованинг бу ташаббуси юртимиз маҳаллалари бўйлаб қанот ёзса айни муддао бўлар эди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер