Олий таълим вазирлиги ходими 100 минг доллар билан ушланди
Фото: ДХХ
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими етакчи мутахассиси 100 минг доллар олган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу мансабдор шахс Қарши шаҳрида фаолият юритувчи нуфузли нодавлат олий таълим муассасасининг Сурхондарё вилоятида филиалини очиш бўйича вазирлик томонидан лицензия бериш масаласини қисқа муддатда ижобий ҳал қилиб бериш эвазига мазкур университетнинг мансабдор шахсидан 100 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда вазирликнинг етакчи мутахассиси сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг