Тошқулов талабалар ўқишга киришдан ташқари битиришда ҳам ДТМ орқали имтиҳон топшириши кераклиги ҳақида гапирди
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Aбдуқодир Тошқулов «Тошкент беш ташаббус ҳаракати» фестивали доирасидаги очиқ мулоқотда иштирок этмоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи» мухбири Инобат АҲАТОВА хабар берди.
«Бу бизни дардимиз. Бутун дунё олий таълим муассасаларида қабул жараёни қандай биласизлар, яъни қабул осон, ўқиш қийин. Бизда эса бу тескаридек туюлади. Ўқишга кириш оғир, лекин ўқиш ва битириш осон. Сиз ва мен хориждаги тизимни хоҳлаяпмиз. Лекин битта масала бизда, ўзбекчиликда 300 кишидан минг кишигача ошларимиз бор экан, талабани ўқишдан четлатиб бўлмайди. Маъносини тушундингиз-а?!
Бу дегани бизда ҳам хориждаги каби тизим бўлмайди дегани эмас.
Олий таълим муассасаларимизда яхши ўзлаштирмаётган талаба курсидан қолсагина шундай бўлади.
Ҳозир нима бўляпти?!!", деди вазир.
Шунинг учрашув давомида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Президент коррупцияга қарши курашда олий таълимнинг коррупциялашгани ҳақида таъкидлашига тўхталди.
«Мен уялиб айтяпман бу гапни. Ҳозир камайиб боряпти, лекин барибир бор. Коррупция деганда конвертга пул солиб беришни тушуниш керакмас. Телефонда илтимос қилиш ҳам коррупцияни бир тури. Ёки ўқитувчини фарзанди, жияни ҳайдалмайди, бегона ҳайдалиб кетади. Бу ҳам коррупцияни бир йўналиши», деди Тошқулов.
Таълим муассасаларидаги коррупцион ҳолат ҳақида гапирар экан, Олий таълим вазири талабаларни битираётган вақтда ҳам имтиҳондан ўтишини таклиф қилди.
«Олий таълим муассасасига ўқишга киришда абитуриентлар Давлат тест марказининг имтиҳонидан ўтишади. Мен истайманки, давлат аттестациялари ҳам Давлат тест маркази орқали бўлсин. Бу осонроқ бўлади. Киришдагидек оғир бўлмайди», деди у.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг