Олий таълим муассасаларида спорт тизимини такомиллаштириш борасида муҳим ёндашув
Ҳар бир мамлакатнинг тараққий этиши учун муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланган спорт соҳасининг ривожи бугунги кунда ҳар доимгидан-да долзарб ҳисобланади.
Юртимизда спортга бўлган эътиборни ёшларимизнинг дунё чемпионатларидаги нуфузли совринларни қўлга киритганларидан ҳам биламиз, албатта. Қолаверса, соғлом турмуш тарзи соғлом келажак гаровидир. Президентимиз таъбири билан айтганда, «Ҳар бир инсон, ҳар бир ота-онанинг орзуси ва нияти жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашдир. Бунга эса жисмоний тарбия ва спортсиз эришиб бўлмайди. Бир сўз билан айтганда спорт – соғлом халқ, соғлом жамиятнинг таянч устунидир».
Давлатимиз раҳбари раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция тизимини такомиллаштириш ҳамда таълим муассасаларида спорт муҳитини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши муҳим ва долзарб масалаларни ўз ичига олганлигининг далилидир. Ёшлар тарбияси, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва ижтимоий фаоллигини оширишда спортнинг ўрни каби мавзуларда аниқ механизмлар ишлаб чиқишни ўз ичига олган йиғилишда илгари сурилган фикрлар нафақат мавжуд ютуқларни мустаҳкамлаш, балки тизимдаги камчиликларни очиқ тан олиб, уларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлиб, бугунги глобаллашув шароитида ҳар бир давлатнинг рақобатбардошлиги, аввало, унинг ёш авлодининг жисмоний ва маънавий баркамоллигида акс этиши билан белгиланади. Шу боис жисмоний тарбия ва спорт масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Олий таълим муассасаларида спорт йўналишидаги фаолиятни янада кучайтириш зарурати мавжудлиги ҳам танқидий руҳда қайд этилиб, айрим олий таълим муассасаларида спорт инфратузилмаси етарли даражада ривожланмагани, мавжуд спорт иншоотларидан самарали фойдаланиш даражаси пастлигича қолиши, талабаларни спортга жалб этиш тизими кўп ҳолларда формалликка айланиб қолаётгани, мусобақалар мунтазам эмаслиги ёки кенг қамровли ташкил этилмаётгани ҳам муаммолардан биридир. Президентимиз эътибор қаратган жиҳат спорт федерацияларининг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишламаслиги иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларни профессионал спортга йўналтириш имкониятини пасайишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, иқтидорли талабалар билан индивидуал ишлаш масаласида ҳам камчиликлар мавжуд. Хусусан, юқори натижаларга эришиш салоҳиятига эга бўлган ёшлар учун индивидуал мураббийлар бириктириш тизими етарлича ривожланмаган. Бу эса уларнинг профессионал даражада ўсишига тўсқинлик қилувчи омиллардан бири ҳисобланади. Ҳолбуки, замонавий спорт тизимида ҳар бир спортчи билан индивидуал ёндашув асосида ишлаш энг муҳим талаб ҳисобланади. Бу камчиликларнинг очиқ муҳокама қилинаётгани ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланаётгани ижобий ҳолатдир. Бу тизимни янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал қилишга имкон беради. Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётган ва аниқ стратегик ёндашув шаклланаётган спорт соҳасида олий таълим муассасаларининг ролини кучайтириш, ушбу жараёнда нафақат таълим маскани, балки ёшлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва иқтидорли спортчиларни етиштириш марказига айланиши долзарб вазифадир.
Президентимиз берган таклифларга кўра, «маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – олийгоҳ» узвий тизими асосида ёшларни спортга жалб этиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва уларни профессионал даражада тайёрлаш бўйича янги механизмлар жорий этилади. Спорт тўгараклари фаолияти кенгайтирилиб, уларга тажрибали мураббийлар бириктирилади, спорт йўналишидаги талабалар эса дуал таълим асосида амалий мураббийлик фаолиятига жалб этилади. Шунингдек, «саломатлик баланси», «соғлом ҳаёт волонтёрлари», кросс-фит каби замонавий йўналишларни жорий этиш ташаббуслари ҳам ёшлар ўртасида соғлом турмуш маданиятини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Спорт соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш, уларни амалиёт билан интегратсия қилиш, спорт тиббиёти, физиология, реабилитатсия ва замонавий технологияларни жорий этиш ҳам устувор йўналишлардан бири бўлади. Сунъий интеллект асосида спортчилар фаолиятини таҳлил қилиш, машғулот жараёнларини оптималлаштириш каби замонавий ёндашувларни жорий этиш орқали илмий салоҳиятни оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Спорт соҳасида белгилаб берилган устувор вазифалар соғлом, фаол ва рақобатбардош жамиятни шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Бунда олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган спорт тўгаракларининг ўрни муҳим. Бухоро давлат педагогика институтида яратилган шарт-шароитлар мисолида ҳам кўриб чиқиш мумкин. Мисол сифатида келтирадиган бўлсак, бугунги кунда институтда фаолият юритаётган «Талаба-ёшлар спорт клуби»да футбол, волейбол, регби-7, стол тенниси, енгил атлетика, гандбол, дзюдо, шахмат-шашка, бадминтон, чим усти хоккей, кураш каби спорт тўгаракларида қатнашиб, ўтган давр давомида институт талабалари томонидан жами 175 та медаллар қўлга киритилган бўлиб шундан, халқаро мусобақаларда 11 та (3 та олтин, 4 та кумуш, 4 та бронза), осиё чемпионатларида 16 та медаллар (7 та олтин, 4 та кумаш, 5 та бронза), республика миқёсида 148 та (58 та олтин, 52 та кумуш, 38 та бронза)ни ташкил этади. Яқинда ўтказилган «Вазир кубоги» доирасида илк бор ташкил этилган қизлар ўртасидаги чим устида хоккей мусобақаларида талаба-қизларимиз 3-ўринни қўлга киритгани мазкур спорт тури бўйича олиб борилаётган фаолиятнинг илк натижасидир. Талаба-ёшларимизнинг бу каби ютуқлари барчамизни қувонтириши табиий, бироқ бу каби соҳаларни янада ривожлантириш, ёшларнинг спорт турлари бўйича мунтазам шуғулланишларини ташкил қилиш юзасидан олиб борилаётган фаолиятимизни мустаҳкамлаш йўлида доимий ҳаракатдамиз. Давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган мазкур ислоҳотлар эса ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва юқори натижаларга эришадиган спортчиларни тайёрлаш борасида фаолликни талаб қилади ва Бухоро давлат педагогика институти мазкур ислоҳотлар бўйича самарали ишлашда ўз натижаларини кўрсатади.
Баҳодир МАЪМУРОВ,
Бухоро давлат педагогика институти ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг