Олий суднинг одил судловидан халқ розими?
Хонобод шаҳрида яшовчи Ҳамиджон Абдусаломов 2007 йили 2 дона ов милтиғини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ўз ихтиёри билан топширди-ю, боши балога қолди. Охир оқибат умрининг беш йилини жазони ўташ идораларида ўтказди.
- Ваҳоланки, айбсиз эдим,-дейди фуқаро,-бироқ, ўша пайтда буни исботлашнинг имкони бўлмади. Ҳаммасига қўл силтаб, тақдиримга тан бериб юрганимда ҳукуматимизда суд соҳасида шаффофликни таъминлаш борасида қилинаётган ишлар ўзимнинг айбсиз эканлигимни исботлашга умид берди.
Ҳамиджон Абдусаломов тафсилотларни вароқларга битиб, пойтахтга – Олий судга ҳозирлик кўриб турган бир пайтда Олий суд раиси Козимжон Камилов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ўзи Андижон вилоятига ташриф буюрди. Бир неча кундан буён давом этаётган қабулларда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммоларига ечим изланмоқда.
- Республикамизда мурожаатчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, бунинг учун энг аввало, уларга қулай шароит яратиш борасидаги ишлар натижасида ечимини кутиб турган кўплаб муаммолар жойида барҳам топмоқда,-дейди Андижон вилоят суди раисининг ўринбосари Шоядбек Мирзаев. -Андижон, Хонобод шаҳарлари, Асака, Марҳамат, Булоқбоши, Хўжаобод, Жалақудуқ ва Қўрғонтепа туманлари аҳолиси учун ташкил этилган қабулда жами 633 нафар фуқаролар мурожаати тингланди. Уларнинг аксарияти фуқаролик масалаларида бўлиб, кўплаб мурожаатлар жойида қаноатлантирилган бўлса, айримлари ижро учун йўналтирилди. Қувонарлиси, икки кунлик қабул давомида 101 нафар судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо турлари Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилган бўлса, ажралиш арафасида турган 31 та ёш оилалар яраштирилди. Мурожаатчилар, шунингдек, тадбиркорлик, моддий таъминот, ойлик маошларини ундириш каби ўнлаб турдаги сўровларга ҳам ижобий жавоб олдилар.
Ҳар қандай қабул энг аввало, мурожаатчини миннатдор қилмоғи керак. Фуқаро ечимини кутиб турган муаммосига ижобий ечим топганидагина бу қабулдан рози бўлади. Қўрғонтепа шаҳридаги «Наврўз» МФЙда истиқомат қилувчи Абдулбосиддин Аҳроров ҳам суд фаолиятидан хурсанд.
- Анча йиллардан буён иккинчи томондан пул маблағимни ундириш ва ўзим қуришда иштирок этган бинонинг менга тегишли қисмини ажратиб олишга доир масалам ечимсиз қолиб келаётганди,-дейди фуқаро. –Олий суд раиси бошчилигидаги мурожаат давомида сўровим атрофлича ўрганиб чиқилди ва фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туман суди томонидан жавобгардан пул маблағимни ундириш ва бинонинг ўзимга тегишли қисмига эгалик қилиш ҳуқуқини тиклаш ҳақида қарор чиқди. Республикамизда одил судловни таъминлашда сезиларли натижалар юзага чиқаётганидан мамнунман!
Дарвоқе, тадбир давомида қабул қилинган аксарият мурожаатлар Сайёр суд томонидан ўз вақтида кўриб чиқилди. Олий суднинг вилоятдаги қабуллари давом этмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг