Олий Мажлис Сенати Раиси Тошкент вилояти аҳолиси билан мулоқот қилди

11:26 01 Апрель 2023 Сиёсат
532 0

Сенат Раиси жорий йил 25 март куни Тошкент вилоятининг туманларида ҳам аҳоли билан мулоқот ўтказди. Даставвал вилоят ҳокимлигида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, касаба уюшмалари фаоллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Унда иштирокчиларга референдум, янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти, унга киритилаётган янги модда ва нормалар ҳақида содда тильда батафсил тушунтиришлар берилди. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида маҳаллаларга аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал қилиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколатини бериш, бунинг учун ташкилий ва молиявий имкониятлар яратиш белгиланаётгани, буларнинг барчаси, давлат ҳокимиятида ҳисобдорлик, шаффофлик, самарали қарор қабул қилиш ва унинг натижадорлигини оширишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Юқори Чирчиқ туманида маҳаллий Кенгаш депутатлари, касаба уюшмалари ва хотин-қизлар фаоллари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари билан учрашув ўтказилиб, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.

Туманнинг «Маърифат» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази» фаолияти билан танишилди, марказ тингловчилари билан мулоқот ўтказилди. Сенат Раиси Қибрай туманининг «Нурафшон» маҳалласида ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳузуридаги «Хотин-қизларни ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш маркази» фаолияти билан танишди, туманнинг «Янгиобод» маҳалласи ҳудудида ташкил этилган «Канишка» тўқимачилик корхонасида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар билан ҳам суҳбатлашди.

Мазкур мулоқотларда Бош Қомусимизга киритилаётган нормалар, уларнинг аҳамияти бош мавзу бўлди. Янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари сезиларли даражада кенгайтирилаётани таъкидланди. Жумладан, Конституция экологик ҳуқуқлар, соғлиқни сақлаш, аёллар ва эркаклар тенглиги, эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш, мамлакатдан чиқиш ва монеликсиз қайтиш, Интернетдан фойдаланиш, шахсга доир маълумотлар ҳимояси, олий таълим, бепул юридик ёрдам олиш, уй-жойга эга бўлиш, банк операциялари ва ҳисобварақларининг сир сақланиши, қонунчиликка оид таклиф киритиш каби нормалар билан тўлдирилаётгани айтиб ўтилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер