Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бошланди

11:42 04 Май 2023 Сиёсат
483 0

Мажлисда депутатлар «Гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқишяпти.

Таъкидланганидек, бугунги кунда сув хўжалиги тизимида жами 73 та сув омбори ва сел-сув омбори, 1 688 та насос станцияси, 49 та ГEС ва бошқа объектлар мавжуд. Сув хўжалиги объектларининг аксарият қисмидан 40 йилдан ортиқ фойдаланилмоқда. Бу эса уларни ўз вақтида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция қилиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишларини амалга ошириш, техник соз ҳолатда сақлаш ҳамда уларнинг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашни талаб қилмоқда.

Қонун лойиҳаси мамлакатимиздаги мавжуд сув хўжалиги объектларини техник соз ҳолатда сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва улардан ишончли фойдаланишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасида гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари, соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш масалалари ўз аксини топмоқда.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан махсус давлат назорати органининг масъулияти ва ваколати оширилади, иншоотларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, консервация қилиш ва тугатиш ишларида хавфсизлик бўйича назорат кучайтирилади ва тизимли ташкил қилинади. Шу билан бирга, гидротехника иншоотларининг хавфсиз ва ишончли ишлаши ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг хавфсизлиги таъминланишига эришилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер