Ўксик кўнгилларга шодлик улашилди
Фото: «Халқ сўзи»
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги ногирон болалар интернат уйида Фотима-Зуҳра исмли сиам эгизаклари истиқомат қилади. Бугун улар шу қадар қувончга тўлдиларки, хурсандчиликдан шеър, қўшиқ ижро этибгина қолмасдан, бошқа тарбияланувчилар билан биргаликда рақсга ҳам тушдилар. Боиси, бу ерга 3 декабрь – Халқаро Ногиронлар куни олдидан меҳмонлар ташриф буюрди.
– Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги қарорига биноан ҳар йили 3 декабрь муҳим сана сифатида нишонланади,– дейди Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси катта инспектори Ойиста Абдураҳмонова. – Сана муносабати билан жамоамиз бугун ушбу масканга ташриф буюрди. Болаларга яратилган шароитлар билан танишдик, уларнинг ютуқларини турдош манзилларга тарғиб қилиш, муаммолари бўлса, амалий ёрдам кўрсатишни ихтиёр этдик.
Мажбурий ижро бюроси ходимлари бу ерда тарбияланаётган 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган 286 нафар тарбияланувчиларга эсдалик совғаларини топширдилар.
– Нафақат болажонлар ҳолидан хабар олдик, балки тарбиячиларнинг ҳам кўнглини кўтаришни, уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни бурчимиз, деб билдик,– дея давом этади О. Абдураҳмонова. – Улар зиммасига жуда катта масъулият юкланган. Тасаввур қилинг, бу ердаги кўплаб болажонлар бир умр тўшакка михланиб қолганлар. Уларни ювинтириш, кийинтириш, овқатлантириш, муолажаларини олишларига ёрдам бериш, амалий машғулотлардаги иштирокини таъминлаш шу масканда меҳнат қилаётган опа-сингилларимиздан сабр-тоқат, куч ва матонатни талаб этади. Ўз рўзғоридан, ўз фарзандлари тарбиясидан ортиб, шу ерда ногирон болаларни кечани кеча, кундузни кундуз демай парвариш қилаётган бу жамоага ҳар қанча таъзим қилсак, арзийди.
Меҳр-мурувват тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг