Ойдинойнинг осмонга бўлган меҳри
Кранчилик одатда аёлларга хос бўлмаган касб, бу эркаклар иши дейишади. Бунга жисмоний ва техник салоҳиятнинг ўзи камлик қилади, руҳий барқарорлик, диққат ва масъулият ҳам керак. Эркаклар орасида ҳам кўзи ўткир, юраги бақувват ва баландликдан қўрқмайдиганлар бу касбни танлайди.
Андижонлик Ойдиной Абдулазизова учун кранчилик касби ҳаётининг мазмунига айланган. “Doyen Group” МЧЖда у ҳар куни қарийб 60 метр баландликка кўтарилади, кранни бошқаради ва ҳар бир юкни аниқ жойига етказади. Баландликдаги ҳар бир ҳаракат, масъулият — унинг руҳий ва жисмоний барқарорлигини синовдан ўтказади.
— Бу касбни танлашимда ота-онам аввал қаршилик кўрсатишди, — дейди Ойдиной. — Лекин мен уларнинг фикрини ҳурмат қилган ҳолда, бўш вақтимда чеварчилик ва зардўзлик билан шуғулланаман. 7 ёшли қизим бор, унгаям рўзғор ишларини ўргатаман.
Ойдинойнинг устозлари ҳам яқин оила аъзолари: синглиси Шохиста ва Азизахон ҳам кранчи. Холаси Қаноатхон Қўчқорова эса узоқ йиллар қурилиш соҳасида меҳнат қилиб, кўплаб бинолар барпо этишга ҳисса қўшган. Уларнинг барчаси ўз касбининг ҳақиқий устасига айланган. Ойдинойнинг баландликдаги ҳар куни меҳнат ва тажриба завқи билан ўтади. Андижонда асрлар оша хизмат қиладиган иншоотлар барпо этишни орзу қилади. Аёл киши нафақат оилада, балки жамиятда ҳам энг оғир ва масъулиятли касбларда муносиб меҳнат қилиши мумкин. Унинг фаолияти ёшлар, айниқса қизлар учун ибрат ва илҳом манбаидир.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг