«Оҳанглар оғушида қолажак менинг умрим»

14:54 02 Июнь 2022 Жамият
940 0

Фото: «Халқ сўзи»

Бу шоир, моҳир таржимон, адабиётшунос ҳақида эшитмаган киши кам топилади. Гап қисқа умри давомида шеърият боғида мўъжаз бир гулзор яратиб, ўзи каби камсуқум, содда, дилбар шеърлари билан кўпчиликнинг кўнглидан жой олган Тилак Жўра ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижодкор ҳақида «Тилак Жўранинг ийманибгина турган шеърияти ҳам унинг ийманибгина кечирган ҳаётидан, гўзал ва содда инсоний кечинмаларидан далолат беради», деганида ҳақ эди.

Тилак Жўра машҳур олим, профессор Ғайбулла ас-Саломнинг шогирди эди. Шунинг ўзиёқ ижодкорнинг салоҳиятидан дарак беради. Унинг Ватан, ватанпарварлик, Она, тинчлик, эзгулик мавзусидаги битиклари замирида жо ажиб бир соддалик шеърхон кўнглини беихтиёр ўзига ром этади. Бу шеърларда Ватан боғларининг, тоғларининг, саҳроларининг латофати, виқори, иссиқ тафти бор. Шоир ана шу гўзаллик сеҳрини юрак – юракдан туйди. Туйғуларини қоғозга туширди. Ўзидан мерос қилиб мафтункор шеърлар қолдирди. Шоир бир шеърида «Оҳанглар оғушида қолажак менинг умрим» дея лутф этгани ҳам бежиз эмас.

Бухоронинг сўлим гўшаларидан бири Сайёт қишлоғида туғилиб ўсган Тилак Жўра ҳаёт бўлганида 75 ёшни қаршилаган бўлур эди. Шу муносабат билан Қоракўл туманидаги бир қатор таълим муассасаларида шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтказиляпти.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва мазкур уюшманинг вилоят бўлими, Қоракўл туман ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хотира кечаси шу тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда сўз олганлар Тилак Жўранинг ибратомуз ҳаёти, инсоний хислатлари, ўзига хос шеърияти ҳақида фикр юритдилар. Бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари шоир хонадонида бўлиб, Тилак Жўранинг турмуш ўртоғи Кумуш момо билан дилдан суҳбатлашишди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, шоирдан юракни «жиз» эттирадиган, инсонни ўйга толдирадиган, шеърхонни мушоҳадага чорлайдиган битиклар қолди. Улар ижодкорнинг «Райҳон», «Олам остонаси», «Чорраҳадаги уй», «Сандувоч» каби китобларида жамланган. Тилак Жўранинг турли халқлар шеъриятидан қилган таржималари, турк шеъриятига оид тадқиқотларини айтмайсизми?

Шу ўринда Тилак Жўранинг самимиятга йўғрилган шеърларидан бирини эътиборингизга ҳавола этсак.

ОНА НИЯТИ

От чоптириб чиқдинг уйингдан,

От чоптириб қайтгин, илоҳим!

Қўлингдаги жиловинг каби

Эркинг бўлсин ўзингда доим.

Майли, мени ўйлама, болам,

Топганингни сарф қил ўзингга.

Лек бировга бўлмагин қарам,

Нам тегмасин сира тизингга.

Улғайтирдим полвоним дея,

Толиққанда дармоним дея.

Шамол каби елиб борасан,

Олисдаги осмоним дея.

Осмонингни олиб қайт, болам,

Қолиб кетма осмон васлида.

Отанг қурган кичик бу ҳужра

Осмондан ҳам кенгдир аслида.

От чоптириб чиқдинг уйингдан,

От чоптириб қайтгин, илоҳим!

Қўлингдаги жиловинг каби

Эркинг бўлсин ўзингда доим.

Истам Иброҳимов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер