Оҳангарон шаҳар ҳокимлигининг мансабдор ходими коррупцияда гумон қилиниб қўлга олинди
Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳар ҳокимлигида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган мансабдор шахс фирибгарликда гумон қилиниб ушланди.
Маълумотларга кўра, у 1958 йилда туғилган маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, ҳокимлик балансига ўтказилиши режалаштирилаётган уч хонали хонадонни суд тизимидаги танишлари орқали фуқаронинг номига расмийлаштириб беришини ваъда қилган.
Мансабдор шахс мазкур уй нархини 15 минг АҚШ долларига келишиб, бундан ташқари суд органларидаги танишларига бериш учун қўшимча 3,5 минг АҚШ доллари талаб қилган. Жами 18,5 минг АҚШ доллари талаб қилган мансабдор шахс олдиндан 9,5 минг АҚШ долларини олган вақтда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳудудий бўлими ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг