Одамийликнинг юксак намунаси
Фото: Халқ сўзи
Қарши туманида яшовчи Муқаддас Қодирова ҳамиша «Боланинг бегонаси бўлмайди!» дейди. Йиғлаб турган ёки йиқилиб тушган бола олдидан беэътибор ўтиб кета олмайди. Дарров турғазади, кўз ёшларини артиб, бағрига босади, худди ўз боласидай эркалайди. «Ҳали сен шундай катта одам бўласанки, эл сенга ҳавас қилади», дейди. Ўзининг беш фарзанди ҳам Муқаддас опадан шундай чиройли ўгитларни эшитиб улғайган. Онанинг ширинсўзлиги, бола тарбияси борасида теран қарашлари ва тажрибаси туфайли беш фарзанднинг ҳаммаси олий маълумотли, асосийси, юксак одамийлик хислатлари ила кўрган кишининг ҳавасини келтиради.
Яқинда Муқаддас опа телевизорда Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари оилавий болалар уйига жойлаштирилаётгани ҳақидаги кўрсатувни кўриб, у ҳам ўз уйида болалар уйи очишни ният қилди. Унга доимо елкадош бўлиб келган турмуш ўртоғи Сайёд Собиров ҳам бу фикрни маъқуллади. Тегишли идорага ариза бердилар. Комиссия келиб, уй-жойни, оиладаги муҳитни кўриб, шу хонадонда 10-сонли болалар уйи ташкил этишга қарор қилишди.
Муқаддас опанинг севинчи ичига сиғмасди. Орадан бир неча кун ўтиб, бу шинам хонадонга 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган 5 нафар бола келди. Муқаддас опа уларни бағрига босар экан, кўз ёшларини тия олмасди. Меҳр-муҳаббатга ташна болалар ҳам аёлдан ётсирамади, она қучоғига кириб кетишди. Бу болалар оилани, онани, ака-укаларни, қўни-қўшниларни, ҳаётни соғинишган эди. Уларнинг юзидаги қувончни кўрсангиз...
— Энди ўнта болам бор, — дейди М. Қодирова. — Бу болалар учун айни пайтда энг муҳими — бу билим олиш. Шунинг учун биринчи галда репетитор ёлладик. Қарши тумани «Хониён» МФЙ ҳудудидаги 7-мактабга ўқишади, ҳар куни дарсларини назорат қиламан. Ҳасан-Ҳусаним 11-синфни битиришади, Миллий Гвардия соҳасига қизиқишади. Жонибек ҳам яқинда 18 ёшга тўлади. У ҳам бу йил олий ўқув юртига кириш учун тайёргарликни бошлаб юборган. Шердил 8-синфда, Саидакбархон 7-синфда ўқийди. Тўғриси, уларга шу қадар ипсиз боғланиб қолдимки, бир кун кўрмасам соғиниб қоламан.
Бир гал энг кичик ўғил Саидакбархон Муқаддас опа тандирдан нон узиб, иссиққина кулчани узатганида йиғлаб юборди. Уни ҳарчанд овутишга ҳаракат қилишсада, у йиғидан тўхтамас эди. Сўнг болакай «Нега сиз менинг онам бўлмагансиз, нега сиз мени дунёга келтирмагансиз?» дея онага талпинди. «Нега ундай дейсан? Онангманку!» - Муқаддас опа уни бағрига босаркан, бўғзига нимадир тиқилди, ёноқларига сизиб тушган кўз ёшларини шоша-пиша артди...
Дарҳақиқат, Қарши туманида очилган 10- оилавий болалар уйи 5 нафар болани чин маънода ўз бағрига олган.
Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлган бу мўъжазгина оилавий болалар уйига Қарши туман ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шуба мудири Маъмуржон Абдуллаев ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Руйиддин Бердиев келдилар. Тарбияланаётган болалар билан мулоқотда бўлишди. Уларнинг ўй-фикрлари, қизиқишлари борасида суҳбатлашилди. Болалар яшаётган уй ва хоналарнинг умумий аҳволи, санитар-гигиеник ҳолати тўлиқ ўрганилди.
Зотан, болаларнинг ёниб турган нигоҳларидаги хотиржамлик ва мамнуният уларнинг қандай шароитда яшаётганидан далолат бериб турарди. Фақат она меҳри, ота ғамхўрлигидан баҳраманд фарзандлардагина мана шундай нигоҳларни кўриш мумкин.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг