«Очлик худди бомба каби хавфли бўлиб қолди»: Ғазода очлик инқирози авж олмоқда

16:45 24 Июль 2025 Дунё
324 0

Ғазодаги ёрдам гуруҳлари ҳудудда кузатилаётган оммавий очликнинг даҳшатли якунларидан огоҳлантирмоқда. Бу ҳақида «Al Jazeera» нашри маълум қилди.

Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларининг маълум қилишича, сўнгги 24 соат ичида қамал остидаги секторда камида 10 нафар фаластинлик очликдан ҳалок бўлган. Бундан ташқари, чоршанба кунги Исроил ҳужумлари оқибатида камида 100 нафар фаластинлик, жумладан, 34 нафар ёрдам тарқатиш марказларига борган маҳаллий аҳоли вакиллари қурбон бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тўйиб овқатланмасликдан вафот этганлар орасида беш ёшгача бўлган 21 нафар бола борлигини маълум қилди. Қўшимча қилинишича, шу йилнинг март, апрель, май ойларида, қарийб 80 кун давомида Ғазо ҳудудига ҳеч қандай озиқ-овқат етказиб беришнинг имкони бўлмаган. Айни пайтда ҳам ҳудудга озиқ-овқат киритилиши маҳаллий аҳоли эҳтиёжларидан анча пастлигича қолмоқда.

Кўплаб халқаро ёрдам тарқатиш ташкилотлари Ғазода оммавий очарчилик авж олар экан ҳудуд чегарасида қолиб кетаётган тонналаб озиқ-овқат, тоза сув ва тиббий буюмларни ҳудудга олиб киришнинг имкони йўқлиги ҳақида баён қилишмоқда.

«Очлик худди бомба каби ҳалокатли бўлиб қолди. Ҳудуддаги оилалар аввалгидек етарли даражадаги озиқ-овқат сўрамай қўйишди. Улар қанча бўлса ҳам егулик олиш истагидалар. Ғазо аҳолиси айни вақтда секин ва оғриқли ўлим гирдобига дучор бўлмоқда», — дейди «Al Jazeera» нашри мухбири Тариқ Абу Аззоум.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг фавқулодда вазиятлар бўйича директори Росс Смит халқаро ёрдам ташкилотлари Ғазода эркин фаолият юриши учун талаблар мавжудлигини маълум қилди. Унинг айтишича, эркин фаолият юриши учун ёрдам тарқатиш пунктлари ҳамда карвонлари ёнида қуролли аскарлар мавжуд бўлмаслиги керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер