Очиқ мулоқот руҳидаги учрашув
Фото: «Халқ сўзи»
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Улуғбек Сотиболдиев Мирзаобод туманининг “Ойдин”, “Деҳқонобод” ва “Т. Аҳмедов” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Ўзбекистон Республикасининг Янги таҳрирдаги Конституцияси – халқимиз фаровонлиги, юртимиз равнақининг кафолати” мавзусида сайловчилар билан учрашув ўтказди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси ўзида инсон манфаатлари ва қадрини юксак даражада қонуний кафолатганлиги таъкидланди. Ватанимизнинг жадал тараққиёти ҳаётий мисоллар билан ифода этилди.
Тадбир доирасида аҳоли томонидан билдирилган масалалар ҳам ўрганилди ва уларнинг ҳал этилиши юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Хусусан, Ойдин маҳалласидаги аҳоли хонадонлари табиий газ тармоғидан 2014 йилда узиб қўйилган, жуда кўп мурожаатлар қилинган, бироқ бу масала ечим топмагани билдирилди. Ушбу масала ва маҳалладан магистрал йўлгача 1,5 километр масофадаги йўл жуда ҳам таъмирталаб бўлиб қолгани бўйича тегишли вилоят ташкилотларига депутатлик сўрови чиқариладиган бўлди.
Учрашувда чала ташлаб кетилган иш -маҳалланинг марказий кўчасига ёритиш мосламалари ўрнатиш учун янги симёғочлар ўрнатилиб, лекин 2 йилдан буён уларга ёритиш мосламалари буён қўйилмагани ҳам айтилди. Маҳалладаги жуда эскирган электр таъминоти симёғочлари ва тармоқларини янгисига алмаштириш масаласини ҳал этиш туман Кенгаши депутати, туман ҳокимлиги, сектор вакили ва соҳа мутахассислари ҳамда маҳалла фаоллари билан бирга ўрганиб чиқилди ва аниқ чора-тадбир белгиланади.
Сенат аъзоси “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мактабгача таълим ташкилоти биноси эскирганлиги, яроқсиз ҳолга келганлиги учун ёпилганлиги, 24-мактаб биносини мактабни капитал таъмирлаш ёки янги қуриш зарурати борлиги ҳақида кўтарилган масалалар бўйича ҳам вилоят ва республика миқёсидаги мутасадди идораларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилишини маълум қилди.
Маҳаллардаги учрашувлар очиқ мулоқот руҳида ўтди. Аҳоли вакиллари баён қилган барча муаммолар ва таклифлар атрофлича, ўзаро маслаҳатлашилган ҳолда кўриб чиқилди.
Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг