Обод маҳаллада бахтли инсонлар яшайди
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивидаги Шодиёна маҳалласи намунали МФЙларидан ҳисобланади. Маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит яхшилангани боис хонадонлар обод бўлиб бормоқда. «Темир дафтар»га киритилган оилалар ва уларга кўрсатилаётган ёрдам туфайли кечаги камбағаллар бугун иш берувчига айланган. Наврўз байрами кунларида мазкур ҳудудда 1680 ўринли янги 82-умумтаълим мактаби тантанали равишда очилгани аҳолининг шодлигига шодлик қўшди.
— Қорасув масканида аҳоли кўп. Янги мактабларга катта эҳтиёж бор эди. Бугунги очилган мактаб орзуларимизнинг ижобати бўлди, — деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. — Янги мактаб шу йилнинг сентябрида ишга туширилади. Мазкур масканда 1100 ўринли хусусий мактаб қурилаётгани ҳам келажак авлодга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Шодиёна маҳалласи ҳудудида 1,2 гектар ер майдонида қурилган ушбу мактабни бунёд этиш учун давлатимиз томонидан 37 миллиард 100 миллион сўм маблағ ажратилди. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган бундай ғамхўрликдан маҳалла аҳли миннатдор. Аслида ҳам юртнинг эртанги равнақини илм-маърифатга бўлган эътибор белгилайди.
— Маҳалламиз зиёлилардан иборат. Бир ой олдин 670 нафар ўқитувчи талабгор сифатида ишга кириш учун ариза топширди, — деди мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Низомиддин Одилов. — Танлов асосида талабгорларнинг 67 нафари ушбу мактабга ишга қабул қилинди. Тест синовида 70 баллдан паст тўплаган педагогларга қайта малакасини ошириб келиш учун тавсиялар берилди. Булар орасидан энг билимли ўқитувчилар саралаб олинди.

Янги 82-умумий ўрта таълим мактабига ҳудуддаги 80-, 81-мактаблардан болалар қабул қилинмоқда. Айни пайтда 700 нафарга яқин бола мазкур илм масканида тўртинчи чоракдан дарсларни бошлаб юборди.
“Шодиёна” маҳалласига катта шодиёна сифатида Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 1-сон туғруқ мажмуасининг замонавий биноси ҳам фойдаланишга топширилгани она-бола саломатлигини муҳофазасига қаратилган энг муҳим ишлардан бири бўлди. Шу пайтга қадар мазкур туғруқхона Буюк ипак йўли кўчасидаги 1977 йилда қурилган бинода фаолият олиб борган. Соғлом фарзандни дунёга келтириш ҳар бир онанинг орзуси. Янги туғруқ мажмуаси 200 ўринга мўлжалланган. Аёлларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Бу соғлом авлодни дунёга келтириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада оширишда юқори самараларга эришишига ишончимиз комил.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг