«Обод маҳалла» дастури — амалда

22:10 27 Июль 2021 Жамият
1322 0

Пойтахтимиз бўйлаб «Обод маҳалла» дастури доирасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти. Бу одамлар ҳаётига янгича руҳ олиб кирмоқда, десак, хато бўлмайди. Бу жараёнларда барча вазирлик ва ташкилотлар, фуқаролар фаол иштирок этаётир.

Биргина Шайхонтоҳур туманида Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан олиб борилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишларидан ўндан ортиқ маҳаллалар фуқаролари миннатдор.

Куни кеча учинчи сектор томонидан Шайхонтоҳур туманининг 12 та асосий кўчаси тартибга келтирилди, тозаланди. Ободликка йўғрилган ушбу ишларга юзлаб ҳашарчилар ҳамда элликка яқин махсус техникалар жалб қилинди. Маҳаллалар ҳудуди ва кўчаларга ниҳол ва кўчатлар ўтказилди. Дарахтларга шакл берилиб, оқланди.

Қолаверса, ҳудуд манзарасига соя солиб турган эски ва кўримсиз тўққизта ноқонуний қурилма ҳамда гаражлар бузилиб, 234 тонна чиқинди белгиланган жойларга олиб чиқилди. Лоток ва ариқлар тозаланиб, 1409 квадрат метр ҳажмдаги йўлларга асфальт ётқизилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Коммунал ва бошқа соҳадаги муаммолар, жумладан, 14 та кўп қаватли уйнинг том қисми капитал ҳамда жорий, яна 64 тасининг фасад қисми таъмирланди. Икки километр оқова сув тармоғи янгидан тортилиб, беш километр масофада иссиқ сув тармоғи созланди.

Дарвоқе, олдимизда байрамлар кўп. Энг улуғ ва энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасини кенг нишонланади. Бунинг учун барча зарур тайёргарлик ишлари кўриляпти. Байрамни обод маҳаллаларда нишонлашга нима етсин! Шайхонтоҳур туманидаги ИИВга бириктирилган маҳаллаларда авж паллага чиққан ободонлаштириш ишлари ҳам айнан истиқлол айёмига ҳозирлик, десак, муболаға бўлмайди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер