«Ньюкасл» Озарбайжонда йирик ғалабага эришди, «Интер» Норвегияда мағлуб бўлди

10:12 19 Февраль 2026 Спорт
345 0

Кеча, 18 февраль куни УЕФА Чемпионлар лигасининг плей-офф баҳслари давом эттирилди. Кун доирасидаги учрашувда Озарбайжон чемпиони «Қорабоғ» жамоаси ўз майдонида «Ньюкасл»ни қабул қилди.

Баҳс «қарғалар»нинг 1:6 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан якунланди. Ғолиблар сафида голларга Энтони Гордон (4 та), Малик Тиав ва Жейкоб Мёрфи муаллифлик қилди. Мезбонларнинг ягона жавоб голи эса Элвин Жафаргулиев ҳисобидан ёзилди.

Грецияда бўлиб ўтган «Олимпиакос» — «Байер Леверкузен» учрашувида ҳам омад меҳмонларга кулиб боқди. «Байер» сафарда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Иккала голга жамоа ҳужумчиси Патрик Шик муаллифлик қилди.

Турнинг асосий сенсацияси эса Норвегияда кузатилди. Гуруҳ босқичида ўз майдонида «Манчестер Сити»ни мағлуб этган «Бодо-Глимт» бу гал мусобақанинг амалдаги вице-чемпиони «Интер»ни ҳам мағлубиятга учратди.

Учрашув 3:1 ҳисобида якунланди. Голларга ғолиблардан Сондре Фет, Петтер Хауге ва Каспер Ҳёг муаллифлик қилди. Меҳмонларнинг ягона жавоб голи эса Франческо Эспозито ҳисобидан ёзилди.

Голлар шоуcига айланган яна бир баҳс Бельгияда бўлиб ўтди. Унда «Брюгге» клуби ўз майдонида «Атлетико Мадрид»ни қабул қилди. Учрашув 3:3 ҳисобида якунланди.

Испан клуби сафида голларга Хулиан Альварес ва Адемола Лукман муаллифлик қилди. Яна бир гол автогол сифатида мезбонлар ҳимоячиси Жоэл Ордонес ҳисобидан қайд этилди. «Брюгге»нинг голларига эса Никола Трезольди, Христос Цолис ва Рафаэл Онйедика муаллифлик қилди.

Маълумот учун, Европа Чемпионлар лигаси плей-офф босқичининг жавоб ўйинлари 24 февраль санасидан старт олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер