Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг сил касаллиги бўйича юқори даражадаги йиғилиши бўлиб ўтади

13:39 27 Февраль 2023 Дунё
951 0

Фото: Архив сурат

БМТ Бош Ассамблеясининг 24 февраль куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида «Силга қарши кураш бўйича юқори даражадаги учрашувнинг ваколати, ўтказиш усуллари, формати ва ташкил этилиши» резолюцияси бир овоздан маъқулланди.

Ўзбекистон ва Полшанинг БМТдаги доимий вакиллари ушбу резолюция матнини келишиш бўйича давлатлараро музокаралар координатори сифатида иштирок этдилар.

Резолюцияда шу йил 22 сентябрь куни Ню-Йрк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясининг умумий мунозараларида силга қарши кураш бўйича олий даражадаги учрашувни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Бўлажак юқори даражадаги учрашув «Илм-фан, молия ва инновацияларни ривожлантириш, уларнинг афзалликлари, глобал сил касаллиги эпидемиясини имкон қадар тезроқ тугатиш, хусусан, олдини олиш, текшириш, даволаш ва парвариш хизматларидан тенг фойдаланишни таъминлаш» мавзусини қамраб олади.

Ҳужжатда барча аъзо давлатлар йиғилишда энг юқори, давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасида иштирок этишга чақирилади. Тадбирга, шунингдек, парламент аъзолари, БМТнинг тегишли идоралари, халқаро молия институтлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти, хусусий сектор, илмий доиралар, тиббиёт, ёшлар бирлашмалари вакиллари, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, сил касаллигига мойил бўлганлар таклиф этилади. Учрашувга тайёргарлик кўриш доирасида Нью-Йоркда аъзо давлатларнинг юқори даражадаги вакиллари, парламент аъзолари, маҳаллий ҳукуматлар вакиллари, БМТнинг тегишли тузилмалари, йирик халқаро донорлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти, тиббиёт бирлашмалари ва хусусий сектор, шунингдек, сил касаллигига заиф аҳоли гуруҳлари, илмий доиралар вакиллари иштирокида интерфаол эшитувлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Силга қарши кураш бўйича юқори даражадаги учрашув якунлари бўйича 2030 йилгача силга қарши глобал эпидемияни жадал бартараф этиш бўйича аниқ мақсадларни ўз ичига олган Сиёсий декларация қабул қилинади.

Ўзбекистон ва Полша ушбу муҳим сиёсий ҳужжат матнини ишлаб чиқиш ва келишиш учун давлатлараро музокараларни мувофиқлаштиради.

Умуман олганда, Нью-Йоркдаги учрашувга тайёргарлик жараёни доирасида Ўзбекистон ва Полшанинг БМТдаги доимий ваколатхоналари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг бошқа тузилмалари билан ҳамкорликда сил касаллиги муаммосини ҳал қилиш ва имкон қадар тезроқ силни йўқ қилиш учун глобал саъй-ҳаракатларни сафарбар қилиш, дунё ҳамжамиятини бу ҳақда хабардор қилиш мақсадида кўплаб тадбирлар ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, БМТ Бош Ассамблеясининг силга қарши кураш бўйича юқори даражадаги йиғилиши (UNHLM TB 2023) соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат, ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар иштирокидаги йирик халқаро тадбир бўлиб, силга қарши курашда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган глобал вазифаларнинг стратегик мақсадларини аниқлашга қаратилган. Ушбу форум 2018 йилда Бош Ассамблеянинг биринчи шунга ўхшаш йиғилиши ташкил этилганидан кейин 5 йил ўтиб ўтказилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер