NYT: Эроннинг янги олий раҳбари жароҳат олгани сабабли омма олдига чиқмаяпти
Эроннинг янги олий раҳбари Мужтабо Хоманаий Исроил ва АҚШ ҳарбий операциясининг биринчи кунида оёғидан жароҳат олган. Шу сабабли у сайланганидан бери омма олдида кўриниш бермади ва ҳеч қандай баёнот билан чиқмади, деб хабар бермоқда The New York Times.
NYT суҳбатдошларининг таъкидлашича, Хоманаийнинг жароҳатлангани ҳақида уларга ҳукуматдаги юқори мартабали шахслар маълум қилган. Таъкидланишича, Эроннинг янги олий раҳбари ҳушида ва алоқа воситалари чекланган, алоҳида қўриқланадиган жойда қолмоқда.
Мужтабо Хоманаийнинг жароҳат олганига билвосита далиллардан бири сифатида давлат телевидениеси ва «Irna» давлат агентлигидаги хабарлар кўрсатилмоқда. У ерда Эроннинг янги олий раҳбари сайланганидан сўнг «жароҳатланган уруш фахрийси» деб аталган.
Эронда Мужтабо Хоманаийнинг жароҳатлангани инкор этилмоқда. Мамлакат президентининг ўғли Юсуф Пезешкиён янги олий раҳбарнинг соғлиги жойида эканини айтди.
— Мен жаноб Мужтабо жароҳат олгани ҳақидаги хабарни эшитдим. У билан алоқада бўлиб турган дўстларимдан сўрадим. Уларнинг айтишича, Худонинг марҳамати билан у соғ-омон ва ҳеч қандай муаммо йўқ, — деди у.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг