Нуроталик логопеднинг салкам 28 миллион сўмлик қўшимча иш ҳақи ундириб берилди

17:31 21 Февраль 2023 Жамият
594 0

Фото: Иллюстратив cурат

Муборак Жумаева соҳага 2018 йил кириб келган ўқитувчилардан. У айни кунларда Нурота туманидаги 18-умумтаълим мактабида логопед бўлиб ишлайди. Муборакнинг меҳнат фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 августдаги «Ўқитувчилар ва ўқувчилар турмуши моддий шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мос келганлиги сабабли қўшимча ҳақ тўланиши керак.

— Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори 2-бандида 1997 йил 1 сентябрдан бошлаб бевосита ўқув-тарбия жараёнлари билан боғлиқ раҳбар ходимларнинг, жисмоний ёки ақлий ривожланишида камчилиги бўлган болалар ва ўсмирлар учун махсус ўқув-тарбия синфлари (гуруҳлари)даги алоҳида иш шароитлари учун педагог ходимлар, психологлар ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг ставкалари ҳамда ойлик лавозим маошларига қўшимча ҳақ 2 баравар оширилиши назарда тутилган, — дейди Нурота туман адлия бўлими бошлиғи Умид Сувонов. — Аммо 18-сонли умумтаълим мактаби маъмурияти логопед ўқитувчи бўлиб ишлаб келган М. Жумаевага 2019 йил сентябрь ойидан ҳозирги кунга қадар ушбу қўшимча ҳақни тўламаган.

Муборак Жумаеванинг мазкур ҳолат бўйича мурожаати туман адлия бўлими томонидан ўрганилиб, адлия идорасининг туман ХТБ бошлиғи номига киритган тақдимномаси асосида ўқитувчининг салкам 28 миллион сўм миқдоридаги қўшимча иш ҳақи тўлаб берилиши таъминланди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер