Нуротада 300 МВтлик қуёш электр станциясини роботлар барпо этмоқда

15:37 10 Февраль 2026 Жамият
603 0

Нурота туманининг Деҳибаланд маҳалласи ҳудудида амалга оширилаётган йирик қуёш электр станцияси лойиҳаси ҳудуд энергетика тармоғида янги босқични бошлаб беради.

Хитойнинг “China Energy Investment Corporation” компанияси томонидан барпо этилаётган ушбу станция 300 МВт қувватли қуёш электр станцияси ҳамда 150 МВтли энергия сақлаш тизимини ўз ичига олиб, ҳудуднинг барқарор энергия таъминотига хизмат қилади.

  • Яна бир муҳим жиҳати ушбу станция қурилиши натижасида бир қатор деҳибаландлик ёшлар ўз иш ўрнига эга бўлишади, — дейди меҳнат фахрийси Беркин Қулманов. — Шу сабаб ёшларимиз ҳозирданоқ ўқув курсларига жалб этилмоқда.

Олти юз гектар ҳудудни эгаллаган станция қурилишларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида оммавий очиқ эшиклар куни ҳамда замонавий технологик қурилиш намойиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, маҳаллий аҳоли вакиллари, нуронийлар ва ёшлар ҳамда Хитой Халқ Республикасидан келган инвесторлар, муҳандис ва техник мутахассислар иштирок этдилар.

Тақдимотда ушбу лойиҳанинг ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшадиган ҳиссаси, муқобил энергия манбаларини кенг жорий этишдаги аҳамияти ҳамда экологик барқарорликни таъминлашдаги ўрни ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, тадбирда лойиҳа доирасида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари, уларнинг самарадорлиги, амалга оширилаётган технологик жараёнлар ҳамда кейинги босқичларда бажарилиши режалаштирилган вазифалар юзасидан батафсил ахборот берилди.

Лойиҳанинг инвестиция салоҳияти ва асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари алоҳида тақдимот орқали намойиш этилди. Ушбу лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан бири — илғор автоматлаштирилган технологияларнинг кенг қўлланилишидир. Хусусан, қуёш панелларини ўрнатишга мўлжалланган роботлаштирилган тизимлар орқали юқори аниқлик, самарадорлик ва хавфсизлик таъминланмоқда.

Тақдимот иштирокчилари қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер